15:36, 27 Октябрь 2022 | GMT +5
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шарль Мишель сиёсий мулоқот суръатини оширишга келишиб олдилар
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишельнинг ташрифига катта аҳамият беради. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бугун Ақордада Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича матбуот анжумани чоғида маълум қилди, дея хабар бермоқда Kazinform мухбири.
«Бугун Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель Қозоғистонга илк расмий ташриф билан келди. Бу биз учун катта шараф. Шу билан бирга, муҳтарам меҳмонимизга таклифимни қабул қилгани учун самимий миннатдорчилигимни билдираман. Келгуси йил Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Шунинг учун жаноб Шарль Мишельнинг ташрифи ушбу юбилей арафасида амалга оширилаётгани айниқса қувонарлидир. Биз ушбу ташрифга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз»
, — деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев Президент Мишельнинг Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссасини юксак қадрлашини айтди.
«Биз икки томонлама ҳамкорлигимизни янги сифат босқичига кўтариш учун кенг кўламли ва мазмунли музокаралар олиб бордик. Учрашувимиз ўзаро ишонч ва англашув руҳида ўтди. Биз мазмунли сиёсий мулоқот суръатини янада кучайтиришга ваъда бердик. Шунингдек, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида стратегик шериклигимизни мустаҳкамлаш ниятимизни тасдиқладик»
, — деди Қозоғистон Республикаси Президенти.
Муаллиф: Марлан Жиембай
Фото: akorda.kz