Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукуматнинг асосий вазифасини айтди

АSTANА. Kazinform — Ривожланаётган мамлакатларга қўйилаётган глобал инвестиция ҳажми камайиб бормоқда. Бу ҳақда Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.

Ҳукумат
Фото: Адилет Беремқулов/ Kazinform

— Бизнинг асосий мақсадимиз — ҳозирги мураккаб даврда Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва халқаро салоҳиятини ошириш. Экспертлар жаҳон иқтисодиётининг ўсиши секинлашиши ва халқаро савдо суръати пасайиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Ривожланаётган мамлакатларга киритилаётган глобал инвестиция ҳажми камайиб бормоқда. Молия соҳаси тўхтаб қолиши мумкин. Бугунги кунда кўплаб мамлакатлар ўз бозорини ҳимоя қилиш чораларини кучайтирмоқда. Давлатлар ўртасида ўзаро тариф чекловлари қўйиш тенденцияси кучаймоқда. Глобаллашув жараёни тескари хусусият касб эта бошлади, — деди Давлат раҳбари.

Президентнинг фикрича, бунинг барчаси дунёдаги геосиёсий вазиятни ўзгартирмоқда.

— Лекин асосий ва ҳал қилувчи воқеалар ҳали олдинда. Дунёда мутлақо янги жараёнлар пайдо бўлмоқда. Давлатнинг барқарор ривожланиши учун биз ушбу ўзгаришларга иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мослашишимиз лозим. Бу — жуда муҳим вазифалардан бири. Илгариги усуллар ҳозир самарасиз бўлиб қолганини кўрмоқдамиз. Илғор давлатлар жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришнинг янги моделини ишлаб чиқишга киришиб кетди. Биз ҳам бу жараёндан четда қолмаслигимиз керак, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, миллат манфаатини ҳимоя қилиш учун иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга мўлжалланган аниқ режа бўлиши керак.

— Дунёдаги иқтисодий вазиятга қарамай, ўтган йили иқтисодиётимиз 6,5 фоизга ўсди. Бизнинг миссиямиз — аниқ: иқтисодий ўсиш юқори сифатга эга бўлиши керак, яъни, аввало, халқнинг фаровонлигини ошириб, турмушини яхшилаши лозим. Бошқача айтганда, ички ялпи маҳсулот ўсган сари фуқароларнинг реал даромади ҳам кўпайиши керак. Бу — Ҳукуматнинг асосий вазифаси, — деди Президент.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг айтишича, Конституциявий комиссия таркибида хорижий мутахассислар йўқ.

Сўнгги хабарлар