Қасим-Жомарт Тоқаев Бош вазир ўринбосарига миллий лойиҳа бўйича топшириқ берди
ASTANA.Kazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Бош вазир ўринбосари Қанат Бозимбаевни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда.

Қасим-Жомарт Тоқаевга Энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш бўйича миллий лойиҳани ишлаб чиқиш ҳақида маълумот берилди.
Лойиҳа доирасида келгуси беш йил давомида энергетика ва коммунал соҳанинг мавжуд инфратузилмасини янгилаш, 6 минг мегаваттдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаришни ишга тушириш ва модернизация қилиш режалаштирилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 10 триллион тенгедан ошади. Зарур маблағлар бозордан кредитлар асосида, шунингдек, қисман республика бюджетидан жалб қилинади.
Комплекс модернизация ишлари энергетика объектлари ва коммунал тармоқларнинг эскиришини бироз қисқартиради, аҳоли турмушини таъминлаш тизимини такомиллаштиради.
Бундан ташқари, Президентга минтақавий сиёсатни амалга оширишнинг янги йўллари ҳақида маълумот берилди. Мазкур чора ижтимоий, ишлаб чиқариш ва коммунал инфратузилмани таъминлашда ҳудудлар ўртасидаги тафовутни бартараф этишга қаратилган.
Қанат Бозимбаевнинг таъкидлашича, Президент топшириғини бажариш мақсадида Ҳукумат ҳузурида давлат дастурлари ижросини тизимли мувофиқлаштириш бўйича “Ҳудудий сиёсат” лойиҳа бошқармаси ташкил этилади.
Шунингдек, Давлат раҳбарига Манғистау вилоятида авиация хабини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари тақдим этилди.
Мазкур лойиҳа минтақанинг иқтисодий ўсишига янги суръат бағишлайди ва халқаро транспорт-логистика занжирининг муҳим қисмига айланади.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қанат Бозимбаевга Энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш бўйича миллий лойиҳани пухта тайёрлаш ва йил охиригача тасдиқлашни топширди. Шу билан бирга, минтақавий сиёсат концепциясини фаол амалга ошириш вазифасини юклади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳукумат йиғилишида Бош вазир ўринбосари Қанат Бозимбаев Энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш учун 10 триллион тенгедан ортиқ маблағ кераклигини айтган эди.