Камида 300 минг доллар сармоя киритган хорижликларга Қозоғистонда 10 йиллик яшаш учун рухсатнома берилади
ASTANA. Kazinform — Мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигини ошириш ва узоқ муддатли бизнес ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган инвестор визасини олиш қоидалари тасдиқланди. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Қуантиров маълум қилди.

“Мамлакатимиз минтақадаги энг яхши инвестиция муҳитига эга эканлиги кенг эътироф этилган. Мустақилликка эришгандан бери Қозоғистон 425 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилди, бу Марказий Осиёдаги барча тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг қарийб 70 фоизини ташкил этади”, - деди Алибек Қуантиров “Марказий Осиё – Хитой” саноат ва сармоявий ҳамкорликнинг иккинчи форумида.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Қозоғистон халқаро бизнесга яна бир қадам ташлади.
“Яқинда мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигини ошириш ва узоқ муддатли бизнес ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган инвестор визасини олиш қоидалари тасдиқланди. Янги талабларга кўра, Қозоғистон компанияларининг устав капиталига ёки маҳаллий қимматли қоғозларга камида 300 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган хорижий фуқаролар инвестор визасини олиш учун электрон ариза топширишлари мумкин. Бу “олтин виза” кейинчалик Қозоғистон Республикасида 10 йилгача яшаш учун рухсатнома олиш имконини беради”, - дея қўшимча қилди спикер.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Астанада иккинчи “Марказий Осиё – Хитой” саноат ва сармоявий ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Форумда Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, Марказий Осиё мамлакатлари делегациялари, Хитой ва минтақавий йирик компаниялар, шунингдек, тараққиёт институтлари раҳбарлари иштирок этди.
Форум доирасида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган 50 дан ортиқ икки томонлама ва кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Муаллиф: Даулет Изтилеу