Италия Бош вазири Самарқандга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони 28 майда расмий ташриф билан Ўзбекистонга борди, деб ёзади ЎзА.

Италия Бош вазири расмий ташриф билан Самарқандга борди
Фото: ЎзА

Самарқанд халқаро аэропортида Бош вазирни Давлат раҳбари кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида бўлди.

ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, дунёга машҳур Регистон майдони буюк аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини акс эттирувчи мамлакатнинг асосий ташриф қоғозидир. Мажмуадаги Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари ўзининг улуғворлиги, бой тарихи ва бетакрор меъморчилиги билан юртимиз меҳмонларида чуқур таассурот қолдирмоқда.

Олий мартабали меҳмонга ушбу Шарқ шаҳарсозлиги дурдонасининг қурилиш тарихи, меъморий ечимлари ва безакларининг ўзига хос жиҳатлари, ушбу маскан билан боғлиқ муҳим воқеалар ва шахслар, шунингдек, ўзбек халқининг маданий мероси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Сўнгра давлат раҳбарлари "Silk Road Samarkand" халқаро туризм марказидаги "Боқий шаҳар" тарихий-этнографик боғида бўлдилар.

Сўнгги хабарлар