Истанбулда қалбаки валюта цехи топилди
ASTANA. Kazinform – Истанбулда қалбаки валюта цехи аниқланди ва 114 миллион долларлик банкноталар мусодара қилинди.

Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая Истанбулда ўтказилган кенг кўламли махсус операция давомида қалбаки валюта ишлаб чиқарган яширин босмахона фош этилганини маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Бююкчекмеже туманида сохта валюта ишлаб чиқаришда гумон қилиниб, беш нафар хорижлик қўлга олинган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тинтув чоғида қарийб 114 миллион АҚШ доллари миқдорида қалбаки банкноталар ва уларни чоп этиш учун профессионал ускуналар олиб қўйилди. Туркия ИИВ маълумотларига кўра, фирибгарлар нафақат АҚШ доллари, балки Саудия Арабистони ва Миср банкнотларини ҳам қалбакилаштиришган.
“Бу сўнгги пайтларда қалбаки пул сотувчиларга қарши олиб борилаётган энг йирик операциялардан бири”, – деди Ерликая полиция ходимларининг тезкор ва самарали ҳаракатларини юқори баҳолаб.
Ҳозирда тергов давом этмоқда. Ҳибсга олинганларнинг халқаро жиноий гуруҳларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда қалбаки доллар муомаласи кўпайгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, кўплаб қалбаки 50 ва 100 долларлик купюралар пайдо бўлди. Бундан ташқари, яқинда Истанбулда 3,6 миллион евролик қалбаки пул мусодара қилинди.