Ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача: товарлар савдоси қандай рақамлаштирилмоқда
ASTANА. Кazinform — Маҳаллий товарлар савдосини ривожлантириш мақсадида миллий товарлар ва электрон товарлар каталоги яратилади. Бу ҳақда ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев маълум қилди.

— “Рақамли савдо кўзгуси” модели товар ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача бўлган ҳаракатни тўлиқ рақамлаштиришдир. Ушбу модел маҳсулотнинг кодлаш ва импорт қилишдан тортиб дўконда сотиш ва истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча босқичларини қайд этади. Шундай қилиб, биз маҳсулотнинг бутун циклини қамраб олувчи тўлиқ рақамли экотизим яратамиз, — деди Арман Шаққалиев Ҳукумат йиғилишида.
Вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда товарларни каталогга киритиш ва уларни кодлаш чоралари кўрилмоқда.
— Бу товарлар, ишлар ва хизматларнинг ягона классификатори ҳамда товарларнинг миллий каталогини жорий этишни англатади. Бу тизим товарларни ягона тизим бўйича ҳисобга олиш, уларнинг номларини стандартлаштириш ва товарларни ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача кузатиб бориш имконини беради. Жорий йилда миллий товарлар каталоги тушунчасидан мажбурий фойдаланишни ҳамда товарлар, ишлар, хизматларнинг умумий таснифлагичини юритиш тартибини назарда тутувчи зарур қонунчилик нормалари қабул қилинди. Ҳозирги вақтда 1,3 миллион товар учун таснифлаш якунланди. “Миллий товарлар каталоги” ва “Электрон товарлар каталоги” бўйича ишлар ниҳоясига етмоқда, — деди у.