"Интер" Чемпионлар лигаси финалига йўл олди
ASTANA. Kazinform – Италиянинг “Интер” жамоаси UEFA Чемпионлар Лигаси финалига йўлланма олди. Улар ярим финалда Испаниянинг “Барселона” жамоасини 4:3 ҳисобида мағлуб этишди.

Учрашув давомида ҳар икки жамоанинг фаоллиги биринчи дақиқаларданоқ сезилиб турди. Улар тез-тез бир-бирининг дарвозаси олдида пайдо бўлиб, тезда гол уришни исташарди. Бироқ омад биринчи босқичда Италия клуби томонида бўлди.
Ўйиннинг 21-дақиқасида “Интер” сафидаги аргентиналик ҳужумчи Лаутаро Мартинес мерганлик қилди. 45-дақиқада эса “Барселона” дарвозасига белгиланган пеналтида Хакан Чалханоглу янглишмади.
Испан клуби иккинчи бўлимда дарҳол ҳужумга ўтди. Улар орасидан Эрик Гарсия 56-дақиқада ҳисобни қисқартирган бўлса, 60-дақиқада Дани Олмо ҳисобни тенглаштирди.
Улар бундан кейин ҳам тез-тез ҳужум қилишда давом этишди. Шундай дақиқаларнинг бирида Рафинья 88-дақиқада “Барселона”ни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, Италия клубидан Франческо Ачерби 93-дақиқада гол урди.
Шу тариқа асосий бўлим 3:3 ҳисобидаги дуранг билан якунланди ва ўйин қўшимча бўлимларда давом этди.
Қўшимча бўлимнинг 99-дақиқасида Давиде Фраттези томонидан киритилган гол “Интер”га ғалаба келтирди. Натижада улар финал босқичига йўлланма олди.
Икки жамоа ўртасидаги илк учрашув 3:3 ҳисобида якунланганди.
Энди 7 май куни «Пари Сен-Жермен» (Франция) ва «Арсенал» (Англия) клублари яшил майдонга чиқади. Биринчи ўйинда французлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.
Финал 31 май куни Германиянинг Мюнхен шаҳридаги “Мюнхен арена” стадионида бўлиб ўтади.