Илк ўзбек космонавти 2028 йилда коинотга учади

TASHKENT. Kazinform – Биринчи ўзбек космонавти 2028 йил октябрь ойига қадар коинотга учади. Бу ҳақда Uzcosmos агентлиги директорининг ўринбосари Мухиддин Ибрагимов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Тошкентдаги мухбири.

Тұңғыш өзбек ғарышкері космосқа 2028 жылы аттанады
Фото: Pixabay

Агентлик вакили таъкидлаганидек, космонавт коинотда 14 кун бўлиб, тадқиқотлар олиб боради.

“Дунёда коинотга парвоз жараёнини бошқара оладиган учта давлат бор: булар АҚШ, Россия ва Хитой. АҚШ ва Россия космонавтларни қўшма халқаро космик станцияга юборади. Шу билан бирга, Хитойнинг алоҳида станцияси мавжуд. Ҳозир биз барча томонлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Уларнинг барчаси ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Коинотга учадиган бизнинг космонавтимиз ерга қуруқ қўл билан қайтмайди. У фазода тадқиқот ва тажрибалар ўтказиб, аниқ натижалар билан қайтади”, — деди ОАВ вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиққан Мухиддин Ибрагимов.

Унинг сўзларига кўра, номзодларни танлаш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилади. Шунга кўра, 27 ёшдан 40 ёшгача бўлган номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:

— хорижий тилларни эркин билиш;

— олий маълумотга эга бўлиш;

— вазни 50 дан 95 килограммгача;

— бўйи 160-190 см оралиғида;

Аввалроқ, Ўзбекистон ўз космонавтини коинотга юборишга тайёргарлик кўришни бошлаганини ёзган эдик.

Uzcosmos агентлиги маълумотларига кўра, коинотга чиқадиган биринчи ўзбек космонавти очиқ танлов натижасида танлаб олинади.

Бундан ташқари, бу йил Ўзбекистон ва Хитой Ерни масофадан зондлаш учун сунъий йўлдошни коинотга учиришни режалаштиряпти. Шунингдек, Ўзбекистон 2028 йилда Мирзо Улуғбек сунъий йўлдошини коинотга учиришни режалаштиряпти.