Ҳусусий мактаблар учун ҳам мажбурий: Қозоғистонда «Ҳалол фуқаро» дастури ишга туширилади
ASTANA. Kazinform – Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб Қозоғистондаги барча таълим муассасаларида «Ҳалол фуқаро» номли ягона тарбия дастури амалга оширилади ва тарбия ишлари янги форматга ўтади, деб хабар беради Таълим-маориф вазирлиги.

Янги ўқув йилидан бошлаб мамлакатдаги барча таълим муассасалари, шу жумладан хусусий мактабларда ҳам тарбия ишлари «Ҳалол фуқаро» номли ягона дастур асосида олиб борилади. Бу – аввал амалга оширилган «Ягона тарбия» концепциясининг давоми бўлиб, унинг мазмуни янгиланган ва Президент илгари сурган «Ҳалол фуқаро – ҳалол меҳнат – ҳалол даромад» идеологик тамойили билан уйғунлаштирилган.
И. Алтинсарин номидаги Миллий билим академияси маълумотига кўра, Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазирлигининг 2025 йил 26 майдаги № 123 буйруғига биноан, дастурнинг янги номи расман тасдиқланган. Дастурнинг мақсади — ҳалол, меҳнатсевар, ватанпарвар фуқароларни тарбиялаш. Тарбия тизими умуммиллий қадриятларга асосланиб, мактаб, ота-она ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, буллинг, ҳуқуқбузарлик ва болалар орасида хавфнинг олдини олишга қаратилган лойиҳалар ўз фаолиятини давом эттиради. Улар қаторида: «Рақамли дунёда хавфсиз қадам», «Буллингдан ҳимоялан!», «Хавфсиз жамият» каби ташаббуслар бор.
Бу дастур мамлакатдаги барча мактабларда ягона тарбия муҳитини шакллантиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.