Ҳокимият архитектураси тубдан янгиланади — Ерлан Қошанов

АSTANА. Kazinform — Халқ Кенгаши Парламентнинг альтернативаси эмас. Бу — давлат ва халқ ўртасидаги олтин кўприк. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Мажилиси раиси Ерлан Қошанов маълум қилди.

Ерлан Қошанов
Фото: Ақорда

— Президентнинг ҳар бир ислоҳоти, ҳар бир ташаббуси «Мустақиллик ҳамма нарсадан азиз» деган муқаддас тушунчадан бошланади. Бу ҳақиқатда, тарихий йиғилиш бўлди. Ҳар бир Қурултойнинг мамлакат тарихидаги ўрни ҳам, аҳамияти ҳам ўзига хос экани шубҳасиз. Шунга қарамай, кечаги йиғилишнинг идеологик мазмуни чуқур, сиёсий аҳамияти анча юқори. Қурултойда Президентимиз мамлакат тақдирига бевосита алоқадор янги, кенг қамровли ва бурилиш ислоҳотлар мажмуасини таклиф қилди. Бу ислоҳотлар — миллий даражадаги институционал трансформациянинг бошланиши. Шу доирада давлат тузилмасининг концепцияси комплекс равишда ўзгармоқда. Шу тариқа, ҳокимият архитектураси тубдан янгиланади. Бу қадамларни «Президент Тоқаевнинг адолат йўли» деб аташ мумкин. Бу иш бугунгина бошланмади. Қасим-Жомарт Кемелули президентликка киришган илк кундан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилаётган тизимли, комплекс ислоҳотларнинг қонуний давоми, — деди Е. Қошанов Мажилиснинг ялпи мажлисида.

Шу муносабат билан у бу ташаббусларнинг катта бир йўналиши Парламентнинг келажагига алоқадор эканини айтди. Мажилис депутатлари бу ўзгаришларнинг қайнаган марказида юрибди. Барча фракция раҳбарлари, бир қанча депутат ишчи гуруҳининг фаолиятида фаол иштирок этди. Ярим йил давомида келажак Парламентнинг тузилиши ва ваколати атрофида аниқ нормалар ишлаб чиқиб, таклифлар берди. Ҳар бир партиянинг сиёсий позицияси ва қарашлари Президентнинг позицияси билан мувофиқлашди. Умуман, Парламент ислоҳоти сиёсий тизимни қайта кўриб чиқишга йўл очиб беради.

— Бир палатали Парламент тузиш — мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи, жуда зарур қадам. Бу — сиёсий масъулиятни аниқлаш, партияларнинг институционал ролини кучайтириш, қонун чиқариш жараёнини касбийлаштириш деган сўз. Давлат раҳбари айтганидек, бизнинг мақсадимиз — мутлақо янги хусусиятдаги таъсирли қонун чиқарувчи орган тузиш. «Кучли Президент — нуфузли Парламент — ҳисоб берувчи Ҳукумат» формуласини янада кучайтириш. Ҳозир Мажилисда 6 та фракция ишламоқда. Кўппартияли фаолиятда катта тажриба тўпладик. Шу тажриба олдинда пропорционал тизим билан шакллантириладиган бир палатали Парламентнинг асоси бўлиши керак, — деди Мажилис раиси.

Унинг фикрича, Давлат раҳбарининг президентлик квотасидан воз кечиши, Ассамблея квотасини олиб ташлаши — Парламентга тўлиқ мустақиллик беришни англатади. Энг муҳими, бу либерал ташаббусни халқаро сиёсий ташкилотлар қўллаб-қувватлаши аниқ.

— Халқимиз томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланганига кўзимиз етди. Бу жаҳон тажрибасига, глобал конвенцияларга тўлиқ мувофиқ келади. Бир сўз билан айтганда, маҳаллий парламентаризм тарихида жасоратли ва демократик қадамлар қилинмоқда. Энг асосий янгилик — Президентнинг келажак Парламентни Қурултой деб аташни таклиф қилиши. Буни жуда мақбул қарор деб айтган бўлардим. Менимча, тарихий жиҳатдан ҳам, замонавий жиҳатдан ҳам Парламентнинг табиатига яқинлашадиган ном. Қурултой — қайси даврда бўлмасин дашт демократиясининг асоси бўлган. Азалдан миллат тақдирини белгилаган, мамлакат аманатини кўтарган институт. Президент айнан шу масъулиятни келажак Парламентга юклатмоқда, — деди палата раиси.

ҚХА ва Миллий қурултой миссияси

Ерлан Қошановнинг сўзларига қараганда, кейинги пайтларда миллатимизни бирлаштирадиган, жамиятни жипслаштирадиган институтга бўлган эҳтиёж ортади.

— Ростини айтиш керак, бу жиҳатдан Ассамблея ва Миллий қурултой ўз миссиясини тўлиқ бажарди. Энди шу йўналишдаги ишларни тизимлаштириш ва фаоллаштириш учун Президент Халқ Кенгашини тузишни таклиф қилди. У жамоатчилик консенсус ва ишонч майдонига айланади. Таъкидлаш жоизки, Халқ Кенгаши Парламентнинг альтернативаси эмас. Бу — давлат ва халқ ўртасидаги олтин кўприк. Унга этно-маданий марказлар, йирик жамоат ташкилотлари, маслиҳатлар ва ҳудудлардаги жамоат кенгашлари аъзо бўлиши очиқликни ошириб, самарали ишга асос бўлади. Шу тариқа, биз сиёсий коммуникациянинг янги форматига ўтамиз. Янги сиёсий маданиятга йўл очамиз. Халқ Кенгаши — мамлакатдаги энг юқори маслаҳат органи мақомига эга бўлади, — деди у.

Вице-президент лавозимини жорий қилиш

Ҳокимият тармоқларини янгилаш учун Давлат раҳбари Вице-президент лавозимини жорий қилиш ташаббусини кўтарди.

— Бирдан айтиб ўтиш жоизки, бу ҳокимиятни бўлиш эмас, давлат бошқарув тизимини замонавийлаштириш. Бу таклифлар Қозоғистоннинг сиёсий тизимини сезиларли даражада янгилаб, янги институционал даражага кўтаради. Юқорида айтилганларнинг бари янги конституциявий ўзгартиришларни қабул қилишни талаб қилади. Бу — янги Конституция қабул қилиш билан тенг ўзгариш, тарихий қадам дейиш мумкин. Президентнинг сиёсий йўналишининг асосида адолат ғояси ётади. Шу жиҳатдан, Янги Конституция Адолатли Қозоғистоннинг ҳуқуқий пойдеворига айланади. Энг муҳими, Давлат раҳбари «Биз барчамиз Адолатли Қозоғистонни энг юқори мақсад сифатида кўзлаймиз» деган қоидасини Асосий қомусимизга муҳрлаб ёзишимиз керак деди. Ислоҳотлар, кенг қамровли ўзгаришлар — бир кишининг эмас, бутун миллатнинг масъулияти, — деди Мажилис раиси.

Сўнгги хабарлар