Қасим-Жомарт Тоқаев: Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги мустаҳкам муносабатлар — муваффақиятли ҳамкорлик гарови

ASTANА. Кazinform – Хитойнинг энг йирик нашри China Dailyда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг “Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги мустаҳкам ва ишончли муносабатлар — муваффақиятли ҳамкорлик гарови” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Кazinform ўқувчилар эътиборига ушбу материалнинг норасмий таржимасини тақдим этади.

Цзиньпин ва Тоқаев
Фото: Kazinform

Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги кўп асрлик яхши қўшничилик муносабатлари ўзаро ишонч, қўллаб-қувватлаш ва тушунишга асосланган.

Бугунги кунда бу мустаҳкам дўстлик ришталари стратегик шериклик ва давлатлараро ҳамкорлик намунасига айланди.

Бизни тинч ва яхши қўшничилик тимсолига айланган 1700 километрга чўзилган умумий чегара бирлаштириб турибди. Икки давлат ўртасидаги олий даражадаги ташрифлар ва фаол сиёсий мулоқотлар абадий ва ҳар томонлама стратегик шериклик руҳини мустаҳкамламоқда.

мақола
Фото: chinadaily.com.

Хитой жаҳон миқёсида кўзга кўринган сиёсатчи Раис Си Цзиньпиннинг доно раҳбарлигида ажойиб муваффақиятларга эришди. Бу яқин қўшнилар, жумладан, Қозоғистон учун ҳам янги имкониятлар очади.

Катта истиқболга эга янги даврга қадам қўяр эканмиз, узоқ йиллик ҳамкорлигимиз нақадар мустаҳкам ва чуқур эканини англашимиз муҳим. Сўнгги йилларда умумий қараш ва барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш асосида ўзаро ҳамкорлигимиз ғоят жадал суръатларга эга бўлганига барчамиз гувоҳмиз.

Глобал иқтисодий муаммоларга қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли даражада ривожланмоқда. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 44 миллиард долларга етди. Бу — тарихий марра. Шундай қилиб, Хитой Қозоғистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори сифатидаги позициясини мустаҳкамлади.

2005 йилдан бери Хитой корхоналари Қозоғистонга 27 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган. Бугунги кунда Хитой сармояси иштирокида олти мингга яқин корхона фаолият юритмоқда. Улар мамлакатнинг технологик ривожланишига ҳисса қўшмоқда, саноатни модернизация қилишда муҳим ўрин тутмоқда.

Қозоғистон ва Хитой — Буюк Ипак йўли давридан бери бир-бирига боғланган тақдири муштарак мамлакатлар. Энди ана шу умумийликдан келиб чиқиб, янги йўллар қуришга киришамиз. 2013 йилда раис Си Цзиньпин томонидан илк бор Астана шаҳрида эълон қилинган “Бир макон, бир йўл” ташаббуси тарихий интеграциянинг ёрқин намунасидир.

Цзиньпин ва Тоқаев
Фото: Kazinform

Савдо ва транспорт йўлларининг замонавий тармоғи Қозоғистоннинг Евроосиё қитъасидаги асосий транзит маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлади ва Хитойнинг иқтисодий қудратини намойиш этди.

Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ёки Ўрта коридорнинг ривожланиши биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз самарасидир. Бу Хитой, Марказий Осиё ва Европа ўртасида узлуксиз юк ташиш имконини берадиган қисқа ва барқарор транспорт йўналишидир.

2024 йилда “Дўстлик-Мўйинти” участкасида қўшимча темир йўл линиясининг фойдаланишга топширилиши Қозоғистон орқали Хитой-Европа йўлаги бўйлаб беш баробар кўпроқ юк ташиш имконини беради.

Шунингдек, ўтган йили хитойлик ҳамкорларимиз билан биргаликда Сиань шаҳрида савдо-логистика марказини очдик. Натижада ўзаро транспорт алоқаларимиз сезиларли даражада мустаҳкамланди.

Денгизчилик соҳасида ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Қозоғистоннинг Ақтау портида Хитойнинг Ляньюньгань порти маъмурияти билан биргаликда контейнер пункти қурилиши якунланди. Бу, ўз навбатида, Марказий Осиё ва Каспий денгизи минтақасига барча турдаги логистика хизматларини кўрсатадиган контейнер паркини яратишга хизмат қилди.

Нефть ва газ соҳаси доимо иқтисодий алоқаларимизнинг асоси бўлиб келган. Қозоғистон-Хитой нефть қувурини кенгайтириш, нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш, нефть-кимё корхоналари қурилиши бу борадаги қўшма лойиҳаларимиздан фақат бир қисмидир.

Қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорлигимиз ҳам фаол ривожланмоқда. Ўтган йили Қозоғистондан Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 10 фоизга ошди. Хитойлик сармоядорлар сабзавот, ғалла, маккажўхори, пахта каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишни фаол кўриб чиқмоқда.

Ҳамкорлигимиз фақат иқтисод билан чекланмайди. Икки халқ ўртасидаги маданий алоқалар азалдан мустаҳкам бўлиб келган. Ўтган йили Хитойда Қозоғистон туризми йили муваффақиятли ўтди. Биз 2025 йилни “Қозоғистонда Хитой туризми йили” деб эълон қилдик. Икки давлатнинг урф-одатлари, тарихи, табиати билан яқиндан танишиш имконини берадиган ушбу ташаббус туризм соҳасидаги алоқаларимизни янги босқичга кўтаради.

Дипломатик жиҳатдан Қозоғистон ва Хитой Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиш тарафдори.

ШҲТ барқарорлик, иқтисодий ривожланиш ва маданий алмашинув кўпригига, Евроосиёда кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий платформасига айланди.

Ташкилотнинг таъсисчи давлатлари сифатида Қозоғистон ва Хитой минтақани ҳар томонлама ривожлантириш учун ШҲТ салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда.

Хитойнинг ҳозирги раислигида ШҲТ минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Бу устуворликлар Қозоғистоннинг минтақамизга нисбатан тутган позициясига тўлиқ мос келади.

ШҲТнинг Тяньцзинь шаҳридаги тарихий саммити ташкилотнинг келажакдаги ривожланиш йўлини белгилаб беради. Учрашув долзарб глобал муаммолар бўйича стратегияларимизни мувофиқлаштириш ва институционал ислоҳотларни илгари суриш учун ноёб имконият яратади.

Ишончим комилки, саммит ШҲТнинг ҳозирги ўзгарувчан даврда глобал барқарорликни сақлашга салмоқли ҳисса қўшаётган бирлашма сифатидаги ролини кучайтиради. Ҳозирги шароитда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўзаро ҳурмат ва умумий ривожланишга асосланган позицияси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолди.

Раис Си Цзиньпин ҳақли равишда таъкидлаганидек, Хитой ва Қозоғистон модернизация бўйича ҳамкорлардир. Икки давлат умумий қараш ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар орқали кўплаб замонавий муаммоларни енгиб ўтиш мумкинлигини бутун дунёга исботлади.

Қозоғистон ва Хитой ҳозир янги тарихий давр чорраҳасида турибди. Шу боис икки давлатнинг ягона мақсади, ўзаро ҳурмати ва ягона стратегиясига содиқлик ҳамкорлигимизни янги марралар сари етаклашига ишончимиз комил. Бу нафақат мамлакатларимизга, балки бутун минтақа ва ҳатто дунё равнақига ҳам хизмат қилади.

Сўнгги хабарлар