Хитойда космосни ўрганиш бўйича халқаро уюшма фаолият бошлади
ASTANA. Kazinform – Хитойнинг шарқида жойлашган Аньхой вилоятига қарашли Хэфэй шаҳрида Космосни ўрганиш бўйича халқаро уюшма (IDSEA) ўз фаолиятини бошлади, деб хабар беради Синьхуа агентлиги.

Бу Хитой Халқ Республикасида узоқ космосни ўрганишга ихтисослашган илк халқаро илмий ташкилот ҳисобланади. Уюшма раиси этиб Хитойнинг Ой дастури бош конструкктори ва Хитой Инженерлик академияси академиги У Вэйжэнь тайинланди.
“IDSEA ташкилоти Хитой учун халқаро даражада тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилишда катта аҳамиятга эга. Бу жаҳон космос жамоатчилигининг қўшма инновациялари рамзи сифатида хизмат қилади”, – деди у.
Осиё-Халқараро Тинч океани космос ҳамкорлик ташкилоти (APSCO) бош котиби Цзян Хуэй ўз навбатида, ушбу уюшманинг ташкил топиши ривожланаётган давлатлар учун узоқ космосни ўрганишда янги имкониятлар эшигини очганини таъкидлади.
У шунингдек, APSCO ташкилоти IDSEA билан йирик халқаро лойиҳаларни амалга ошириш ва салоҳиятни оширишга қаратилган ҳамкорликнинг инновацион моделини яратишни кўзлаётганини билдирди.
Уюшманинг ташкил этилиши Хэфэй шаҳридаги Узоқ космосни ўрганиш лабораторияси, Хитой Миллий космос бошқармаси қошидаги Ой ва космос дастурлари маркази, Хитой астронавтика жамияти, Хитой космос тадқиқотлари жамияти ҳамда Франциянинг Horizon 2061 дастури ҳамкорлигида амалга оширилди. Мазкур ташаббусни Хитойдан 20 нафар академик ва хориждан 31 нафар олим қўллаб-қувватлади.