Хитой - Марказий Осиё: маданий кўприк ва оммавий ахборот воситалари ташаббуслари
ASTANA. Kazinform — Астана шаҳрида “Яхши қўшничилик ва дўстлик: келажак сари қўшма қадам” мавзуида “Марказий Осиё – Хитой” гуманитар алмашинув форуми бўлиб ўтди. Форумда давлат органлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари вакиллари иштирок этди.

Форум давомида Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин ушбу учрашувнинг аҳамиятини таъкидлаб, унда нафақат Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик, балки миллионлаб инсонлар тақдири чамбарчас боғланган улкан минтақа келажаги ҳам муҳокама қилинишини таъкидлади.

“Ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари бўйича ҳамиша умумий тил топиша оламиз. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев таъкидлаганидек, Хитой билан ҳар томонлама ҳамкорлик Қозоғистоннинг ўрта муддатли барқарор ривожланишининг асосий омили ҳисобланади”, – деди Давлат маслаҳатчиси.
Е.Қариннинг сўзларига кўра, минтақанинг асосий хусусияти очиқлик, барқарор иқтисодий ўсиш, гуманитар ва медиа соҳалардаги яқин алоқалардир. Ахборот жараёнларининг роли ортиб бораётган ва рақамли технологиялар жорий этилаётган замонамизда контент ишлаб чиқариш, технологиялар алмашинуви ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишларида ҳамкорликда иш олиб бориш долзарб бўлиб қолди.

Форумда сўзга чиққан Медиа корпорация раҳбари (CMG), Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг тарғибот бўлими бошлиғи ўринбосари Шэнь Хайсюн келгусида бизни кўплаб қўшма лойиҳалар ва яқин ҳамкорлик кутаётганини такидлади.
“Президент Си Цзиньпин Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларга катта аҳамият беради. Хитой улар учун ишончли қўшни, ҳамкор ва дўст эканини айтади”, - деди Шэнь Хайсюн.
Унинг сўзларига кўра, Хитой Медиа корпорацияси бундан буён ҳам Марказий Осиё халқлари билан дўстликни мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади.
“Биз Марказий Осиёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамкорлари билан юқори сифатли дастурлар яратмоқдамиз ва “Марказий Осиё билан бевосита алоқа” деб номланган ахборот лойиҳаларини ташкил этмоқдамиз. Бу ахборот ва тажриба алмашиш имконини беради. Кўп тармоқли, кўп форматли ва кўп каналли ҳамкорлик бундан кейин ҳам мустаҳкамланади”,- деди у.

Мулоқот форумида сўзга чиққан Қозоғистон Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева “Бир макон, бир йўл” ташаббусида маданиятнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.
“Бу лойиҳа - нафақат кенг кўламли инфратузилма ташаббуси, балки халқларимиз қалбини боғловчи кўприк ҳамдир. Гуманитар алоқалар, қўшма маданий ташаббуслар ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги ишонч ва очиқ мулоқот майдонини яратади. Чунки маданиятни тарғиб қилиш, халқларимизни яқинлаштирадиган гуманитар лойиҳаларни оммалаштиришда оммавий ахборот воситалари жуда муҳим ўрин тутади”, – дейди Аида Балаева.


Форум доирасида “Си Цзиньпиннинг севимли мақоллари” лойиҳасининг халқаро версияси тақдимоти бўлиб ўтди.
Шунингдек, Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг етакчи медиа платформаларида “Хитойда ўқиганман” дастури йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Учрашувда ахборот соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари, жумладан, форум доирасида таклиф этилган “Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги ташаббуси” муҳокама этилди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин “Яхши қўшничилик ва дўстлик: келажакка қўшма қадам” мавзусидаги Хитой-Марказий Осиё гуманитар алмашинув форумида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг табрик мактубини ўқиб эшиттирди.