Хитой 3 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун йилига 500 доллар тўлайди
ASTANA. Kazinform — Хитой оилаларни қўллаб-қувватлаш ва туғилишни рағбатлантириш бўйича болаларни парвариш қилиш учун давлат субсидия тизимини жорий этмоқда. Бу ҳақда Xinhua ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 2025 йилдан бошлаб дастур доирасида оилаларга уч ёшгача бўлган ҳар бир бола учун йилига 3,6 минг юан (503 доллар) миқдорида тўлов амалга оширилади.
Субсидиялар якка тартибдаги даромад солиғидан озод этилади ҳамда яшаш минимумини таъминлаш тизими билан қамраб олинган ва кам таъминланганлар тоифасига киритилган олувчиларни аниқлашда оилавий ёки шахсий даромад сифатида ҳисобга олинмайди.
2022-2024 йилларда туғилган болаларнинг ота-оналари субсидия олиш учун ариза топширишлари мумкин. Маблағларни 20 миллиондан ортиқ оила олиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, 2024 йилда Хитойда 9,5 миллион чақалоқ дунёга келган, 10,9 миллион киши вафот этган. Мамлакат аҳолиси кетма-кет учинчи йил камайиб бормоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, субсидия миқдори жуда кам бўлиб, яқин келажакда туғилиш ёки истеъмолга сезиларли таъсир кўрсатиши эҳтимолдан узоқ, аммо дастур келажакда уй хўжаликларини янада кенгроқ қўллаб-қувватлаш учун асос бўлиши мумкин.
БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб Хитой аҳолиси сони 1,3 миллиард кишигача, 2100 йилга келиб эса 800 миллиондан ҳам пастга тушиши мумкин. Бундай кескин пасайиш бир қатор омиллар, жумладан, никоҳлар сонининг кескин камайиши билан боғлиқ. 2022-2023 йилларда бу кўрсаткич қарийб ярим асрдаги энг паст даражага етди.
Март ойида Хитой ҳукумати туғилиш даражасини ошириш мақсадида молиявий тўловлар ва оналарга бепул сут бериш орқали рағбатлантириш чораларини кўришга қарор қилгани хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда туғилиш кескин камайгани сабабли аборт қисман тақиқлангани ҳақида хабар берган эдик.