ХАМАС 10 нафар исроиллик асирни озод қилишга рози бўлди
ASTANA. Kazinform – Фаластинлик ХАМАС ҳаракати Дохада ўтказилган музокаралар чоғида Ғазо секторида ушлаб турилган 10 нафар исроиллик асирни озод қилишга рози бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда радикал гуруҳнинг Telegram-каналида эълон қилинган расмий баёнотда айтилган, деб ёзади ТАСС.

«ХАМАС музокараларнинг муваффақиятли якунланишидан манфаатдор ва шу мақсадда 10 асирни озод қилишга розилик берди. Бироқ бир қатор асосий масалалар юзасидан музокаралар давом этмоқда. Жумладан, Ғазога гуманитар ёрдам етказиб бериш, Исроил қўшинларини анклавдан тўлиқ олиб чиқиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича аниқ кафолатлар бериш каби масалалар муҳокама қилинмоқда», – дейилади баёнотда.
ХАМАС музокаралар жараёнида Исроил етарли даражада мослашувчанлик кўрсатмаганликда айблади. Шу билан бирга, ҳаракат вакиллари келишувга тўсқинлик қилаётган барча муаммоларни бартараф этиш мақсадида воситачилар билан ҳамкорликни давом эттираётганини таъкидлади.
Чоршанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп ўз баёнотида: «Ғазо бўйича бу ҳафта ёки кейинги ҳафта келишувга эришиш имконияти жуда юқори», дея баҳолаган.
6 июль куни ХАМАС ва Исроил Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида Дохада музокара жараёнини қайта бошлади. Унинг мақсади – Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни озод қилиш бўйича келишувга эришишдир. Исроил томонининг сўнгги маълумотларига кўра, радикаллар анклавда 20 нафар тирик асир ва ҳалок бўлган 30 нафар шахснинг жасадини ушлаб турибди.