Halyk Bank Click’нинг 49 фоиз улушини харид қилади ва Tenge Bank’даги улушини сотади

TOSHKENT. Kazinform — Қозоғистоннинг йирик молиявий муассасаси Halyk Bank ва Ўзбекистондаги етакчи финтех компаниялардан бири бўлган Click акциядорлари стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришди.

Halyk Bank Click’нинг 49 фоиз улушини харид қилади ва Tenge Bank’даги улушини сотади
Фото: Click

Унга кўра, Halyk Bank Click’нинг 49 фоиз акцияларини харид қилади ва ўз навбатида Tenge Bank’даги 49 фоиз улушини Click акциядорларига сотади. Ушбу икки томонлама битимлар қиймати 237 миллион долларга баҳоланмоқда.

Банк тарқатган расмий маълумотга кўра, Halyk Bank Click’даги улуши учун 176,4 миллион доллар тўлайди, Click эса Tenge Bank акцияларининг 49 фоизи учун 60,76 миллион доллар сарфлайди. Ушбу келишув Қозоғистон ва Ўзбекистон регуляторлари тасдиғини олгандан сўнг амалга оширилади.

Ҳар икки томон бу ҳамкорликни ўзаро салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқариш учун қўл келади, деб ҳисобламоқда. Қозоғистонда фаолият юритаётган Halyk Bank 37,5 миллиард доллардан ортиқ активлари ва 6,8 миллиард долларлик бозор капиталлашуви билан Марказий Осиёнинг етакчи молиявий гуруҳларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, Click компанияси Ўзбекистонда 20 миллиондан зиёд фойдаланувчига, 10 миллионга яқин фаол рақамли ҳамёнга эга бўлиб, финтех соҳасида етакчи ўринни эгаллаб турибди.

Halyk Bank ушбу ҳамкорлик орқали ўзининг технологик ечимлари ва банк хизматларини Ўзбекистоннинг жадал ўсиб бораётган рақамли бозорида янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Банк баёнотида таъкидланишича, стратегик альянс турли мижоз гуруҳларига — йирик ва ўрта бизнес, кичик ва микротадбиркорлар, ҳамда жисмоний шахсларга инновацион ва кенг қамровли молиявий ечимларни тақдим этишга хизмат қилади.

Halyk Bank икки мамлакатда — Қозоғистон ва Ўзбекистондаги умумий аҳолиси 58 миллиондан ортиқ бўлган бозорда ўз мижозлар базасини кенгайтиришга умид қилмоқда.

2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, Halyk Bank’нинг Ўзбекистондаги умумий сармояси 1,5 миллиард долларни ташкил этади. Банкнинг таъкидлашича, ушбу битимлар мамлакатдаги сармоявий фаолиятининг навбатдаги муҳим босқичи ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, ҳар икки компания мустақил юридик шахс сифатида ўз фаолиятини давом эттиради ва мижозлар олдидаги барча жорий мажбуриятлар ўз кучида қолади.

Сўнгги хабарлар