Ғазо сектори камида 10 йилга АҚШ протекторатига топширилиши мумкин
ASTANA. Kazinform – АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Ғазо секторида тикланиш режасига кўра, Фаластин анклави камида 10 йилга Америка протекторат сифатида бошқарилиши ҳамда унинг барча аҳолиси вақтинчалик кўчирилиши назарда тутилган. Бу ҳақда АҚШ маъмуриятидаги манбаларга таяниб The Washington Post хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, Америка ҳокимияти Ғазо секторида қайта қуриш, иқтисодий ривожлантириш ва трансформация жараёнларини амалга ошириш учун GREAT Trust (Gaza Reconstitution, Economic Acceleration and Transformation Trust) номли траст фонд тузиш лойиҳасини ишлаб чиққан.
WPнинг ёзишича, лойиҳа «анклавни камида 10 йилга америкаликлар протекторат сифатида бошқаришини» кўзда тутади.
Америка Қўшма Штатлари Ғазо секторидаги тикланиш ишларига ўз маблағини қўймасдан, камида 100 миллиард доллар инвестиция жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу эса инвесторларга тўрт баробар фойда олиб келиши керак.
Шу билан бирга, режада «камида икки миллиондан ортиқ ғазолик аҳолини вақтинчалик кўчириш» масаласи ҳам бор. Ер эгалари эса ўз мулкларини кейинчалик тикланиш учун топширган тақдирда, бошқа ҳудуддан кўчмас мулк сотиб олиш ёки анклав ҳудудида қурилиши режалаштирилган «ақлли шаҳарлар»дан бирида уй билан алмаштириш учун «рақамли активлар»га эга бўлиши мумкин.
Шунингдек, режада Ғазо секторида яшаган ва кўчишга мажбур бўлган фуқароларга 5 минг доллар миқдорида бир марталик тўлов ҳамда субсидия тақдим этилиши кўзда тутилган.