Эронлик Нобель мукофоти лауреати Наргиз Моҳаммади озодликдан маҳрум этилди
АSTANА. Kazinform — Ўн йилдан ортиқ вақтдан бери аёллар ҳуқуқлари учун курашиб келаётган эронлик фаол ва Нобель мукофоти лауреати Наргиз Моҳаммади якшанба куни 7 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. У аввал ҳам бир неча марта қамоққа олинган, деб хабар беради Reuters.
Наргиз фондининг баёнотига кўра, 53 ёшли Моҳаммади бир ҳафталик очлик эълон қилган ва у якшанба куни якунланган. Унинг адвокати Мустафо Нилининг айтишича, суд ҳукми шанба куни чиқарилган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолатга изоҳ бермади.
Репрессияга қарши кураши билан танилган Наргиз Моҳаммади ўтган йили 12 декабрь куни адвокат Хосров Аликордининг ўлими шубҳали эканлигини айтгани учун норозилик билдириб, ҳибсга олинган.
Моҳаммади Машҳаддаги ҳибсхонада сақланган.
— Бир неча ҳафта давомида яккаланиб, у билан алоқа тўлиқ узилгандан сўнг, у адвокати билан телефон орқали қисқа суҳбатлашиб, аҳволини баён қилди, — дейилади фонднинг хабарида.
Суд ҳукмига кўра, у йиғилишлар ўтказгани учун 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, икки йилга Хусф шаҳрига сурғун қилиниб, бир ярим йилга хорижга чиқиш тақиқланди.
Қайд этиш жоизки, Наргиз Моҳаммади 2023 йили қамоқда ўтирганида Эрондаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ўлим жазосини бекор қилиш ҳаракати учун Нобель мукофотини олган.