Энди Қозоғистондан ноқонуний равишда олиб чиқилган активлар Интерпол орқали қайтарилади
ASTANА. Кazinform - Астана шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг Интерпол Миллий марказий бюроси ва Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси Активларни қайтариш бўйича қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди, деб хабар беради Polisia.kz.

Бу қадам иқтисодий жиноятлар ва активларнинг ноқонуний олиб чиқилишига қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган. Меморандум доирасида томонлар қўшма ташаббусларни амалга ошириш, активларни қайтариш ва ноқонуний молиявий операцияларга чек қўйиш соҳасида ахборот ва тажриба алмашиш бўйича кучларни бирлаштиришга келишиб олдилар.
– Меморандум шаффофлик ва адолатни таъминлаш, шунингдек, ноқонуний йўллар билан олиб чиқилган активларни қайтариш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни кучайтириш борасидаги қатъиятимизни кўрсатади, – деди Ички ишлар вазирлиги Интерпол Миллий марказий бюроси раҳбари Мерей Мақулжан.
Бундай ҳамкорлик халқаро терговларни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлатлар ва уларнинг фуқароларига тегишли маблағларни ундириш орқали иқтисодий жиноятларга қарши тезроқ ва самаралироқ курашиш имконини беради.
Ўзаро ёрдам тўғрисидаги меморандум узоқ муддатли ҳамкорликка асос бўлиб, мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ умумий вазифаларни ҳал этиш учун барқарор платформа яратади.