ЕҚТБ Марказий Осиёда қайси лойиҳаларга устувор аҳамият қаратади
ASTANA. Kazinform – Kazinform агентлиги мухбирига берган эксклюзив суҳбатида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕҚТБ) президенти Одиль Рено-Бассо кейинги беш йил ичида банк Қозоғистоннинг энергетика ва коммунал инфратузилмасини янгилаш учун камида 2 миллиард евро инвестиция киритишни режалаштираётганини маълум қилди. Шунингдек, ЕҚТБ мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётини ривожлантириш учун инвестиция ва техник ёрдам йўналтиради.

– Яқин йилларда жаҳон иқтисодий беқарорлиги шароитида ЕҚТБнинг Қозоғистондаги асосий устувор йўналишлари қайси?
– Сўнгги йилларда жаҳон иқтисодий вазияти жиддий ўзгаришларга учради: геосиёсий қарама-қаршиликлар дунёдаги савдо оқимлари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга таъсир кўрсатмоқда. Қийинчиликларга қарамай, бундай ўзгаришлар айрим мамлакатлар, хусусан, халқаро логистика йўналишларининг қайта тақсимланиши ҳисобига Марказий Осиё давлатлари учун янги имкониятлар яратади.
Бугунга қадар ЕҚТБ Қозоғистонда 340 та лойиҳа доирасида 11 миллиард евродан ортиқ инвестиция киритди. Мамлакатдаги энг йирик институционал инвестор сифатида, Қозоғистонни янги иқтисодий имкониятлардан фойдаланишда қўллаб-қувватлаш ниятидамиз. Шу мақсадда банк хорижий инвесторлар ва давлат тузилмалари ўртасидаги мулоқот майдони саналган Хорижий инвесторлар кенгашининг ташкил этилишига кўмаклашди.
Марказий Осиё давлатларининг, жумладан Қозоғистоннинг иқтисодий ўсиши узоқ вақтдан бери хом ашё экспорти ҳисобига таъминланди. Бироқ, кам углеродли иқтисодиётга ўтиш глобал миқёсда углеводородларга бўлган талаб тузилмасини ўзгартирмоқда. Табиий ресурсларни ишлаб чиқаришда катта тажрибага эга Қозоғистон ушбу салоҳиятни «яшил» иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятга эга хом ашёни ўзлаштиришда ишлатиши мумкин. Бунинг учун мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш зарур. ЕҚТБ хусусий секторни ривожлантириш, барқарор инфратузилма яратиш, шунингдек, иқтисодиётни декарбонизация ва рақамлаштиришга ёрдам кўрсатади.
2022 йилда ЕҚТБнинг Директорлар кенгаши ҳукумат билан келишилган ҳолда Қозоғистон билан беш йиллик ҳамкорлик стратегиясини тасдиқлади. У қуйидаги уч асосий йўналиш бўйича қурилган: хусусий сектор рақобатбардошлигини ошириш, интеграция даражаси ва давлат бошқаруви сифатига кўмак бериш; экологик барқарор ривожланиш ва углерод нейтраллигига эришиш; хусусий сектор иштирокини кенгайтириш орқали иқтисодий имкониятлар яратиш ва гендер тенглигини илгари суриш.
Қозоғистон Ҳукумати энергетика, транспорт, рақамлаштириш ва сув таъминоти соҳаларини қамраб олган 2029 йилгача бўлган Миллий инфратузилмани ривожлантириш режасини тасдиқлади. ЕҚТБ бу режани амалга оширишда фаол иштирок этмоқда – хусусан, Ақтўбедаги ифлос сувларни тозалаш иншоотини қайта қуриш ва Ғарбий Қозоғистон электр тармоғини мамлакатнинг ягона энергетик тизимига улаш орқали электр тизимининг барқарорлигини ошириш каби йирик лойиҳаларни молиялаштирмоқда.

Келаси беш йил ичида ЕҚТБ Қозоғистоннинг энергетика ва коммунал инфратузилмасини янгилаш учун камида 2 миллиард евро ажратиш, шунингдек, ушбу мақсадлар учун қўшимча маблағ жалб қилишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, банк энергетика, шаҳар транспорти, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида инвестицияларни жалб қилиш учун давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантиришга кўмак бермоқда.
Қозоғистон ичида, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ва улар орқали савдони ошириш Транс-Каспий транспорт йўлагини (ТКТЙ) ривожлантириш орқали сезиларли натижалар бериши мумкин. Қозоғистон мазкур минтақавий интеграция ташаббусини амалга оширишда асосий рол ўйнайди. Мамлакат учун автомобиль ва темирйўл тармоқларини янгилаш, чегара инфратузилмасини яхшилаш ва савдо ҳамда товарлар ҳаракатига тўсқинлик қилувчи тўсиқларни бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада биз давлат ва хусусий транспорт-логистика компанияларини фаол қўллаб-қувватлаяпмиз. 2025 йил июнида Қозоғистонга қилган сафим чоғида ЕҚТБ миллий автомобиль йўллари оператори «ҚазАвтоЖол» билан Ғарбий Қозоғистондаги 234 километрлик автомобиль йўлини қайта қуриш лойиҳасини молиялаштириш бўйича келишувга эришдик. Ушбу лойиҳа II тоифали йўлни замонавий I тоифали автомагистралга айлантиради ва «Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой» йўналишининг муҳим қисмига айланади.

ЕИ ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик муҳим хомашё материаллари соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз – бу истиқболли конларни ўзлаштиришдан тортиб, геология маълумотлар базасини янгилашгача бўлган кенг кўламни ўз ичига олади. Очиқлик даражасининг ошиши инвестиция жалб этиш, иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратиш учун қулай шароит яратади. Қарағанди вилоятидаги «Саритоғон» графит кони бўйича лойиҳамиз – бундай ишларга ёрқин мисолдир.
Энергетика, инфратузилма ва хомашё ресурсларидан ташқари, ЕТТБ Қозоғистон иқтисодиётини диверсификация қилишда хусусий секторга инвестиция киритиш орқали ёрдам бериб келмоқда. Маҳаллий корхоналар ривожланмас экан, барқарор ўсиш ва сифатли иш ўринлари яратиш имкони йўқ. Биз мамлакатдаги ҳамкор банклар орқали кичик ва ўрта бизнесни молиявий ҳамда консалтинг жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз.
– ЕТТБ Қозоғистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида лойиҳаларни қандай қўллаб-қувватлайди? Банк экологик муаммолар мавжуд бўлган ва тоза энергияга етишиш долзарб бўлган ҳудудларда ҳам лойиҳаларни молиялаштирадими? Бу қадам Қозоғистоннинг 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш мақсадига қанчалик мос келади?
– 2024 йилда ЕТТБ Қозоғистонда йиллик инвестиция ҳажмини уч баробардан кўпроқ ошириб, умумий қиймати 913 миллион евро бўлган 25 лойиҳага имзо чекди. Бу маблағнинг 61 фоизи мамлакат ҳудудидаги “яшил” лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Қозоғистон қайта тикланадиган энергия манбаларини (ҚТЭМ) ривожлантиришда салмоқли ютуқларга эришди. Шу билан бирга, иқтисодиётни кейинчалик декарбонизация қилиш учун энергия сақлаш тизимлари (аккумуляторлар) билан жиҳозланган ҚТЭМ объектларини қуриш бўйича танлов савдоларини фаоллаштириш зарур.
ЕТТБ ҳамкор банклар билан ҳамкорликда Green Economy Financing Facility (GEFF) дастурини амалга оширмоқда. Ушбу дастур қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш ва хусусий секторда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган. GEFF доирасида ажратиладиган маблағлар микрокорхоналар, кичик ва ўрта бизнес, шунингдек, мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги аҳоли хўжаликларига иқлим ўзгаришига мослашиш, атроф-муҳитни ифлосланишидан муҳофаза қилиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда ёрдам беради.
Бу ёндашув Қозоғистоннинг 2060 йилга қадар углерод нейтраллигига эришиш бўйича миллий стратегиясига тўлиқ мос келади ва узоқ муддатли истиқболда барқарор ва экологик йўналтирилган иқтисодиётни шакллантиришга ҳисса қўшади.

– ЕТТБ Қозоғистонда кичик ва ўрта бизнесни (КЎБ), айниқса, чекка ҳудудларда қандай қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда?
– ЕТТБнинг Қозоғистондаги КЎБни молиялаштириш ва ривожлантириш дастури “Advice for Small Businesses” ташаббуси доирасида турли соҳалардаги корхоналарга консалтинг хизматлари ва бошқа молиявий бўлмаган ёрдам турларини олиш имконини беради. Ушбу дастур ўсиш салоҳияти юқори бўлган компаниялар, шунингдек, микробизнес ва кичик корхоналарга, жумладан чекка ҳудудлардаги субъектларга устувор аҳамият беради.
Шу билан бирга, ЕҚТБ маҳаллий молиявий ҳамкорлар билан хавфни бўлишиш келишувлари (Risk Sharing Facility, RSF) орқали молиялашни амалга оширмоқда. Ушбу механизм орқали етиб бориш қийин бўлган, кичик ва чекка ҳудудлардаги бизнеслар молиявий ресурсларга кенгроқ йўл очади, бу эса ҳақиқий секторни қўллаб-қувватлаш имконини беради. 2020 йилдан бери RSF доирасида амалга оширилган операциялар ҳажми 21 миллион еврога яқинлашди.
2001 йилдан бери Қозоғистондаги тахминан 4 000 та кичик ва ўрта бизнес ЕҚТБдан бизнес-консультациялар ва соҳавий экспертлик кўмаги олди. 2015 йилдан буён эса 20 000 дан зиёд тадбиркор молиявий бўлмаган хизматлар – ўқув дастурлари ва семинарлар орқали ёрдам олди. Бундан ташқари, 200 000 га яқин тадбиркор рақамли ўқув материалларига етиши мумкин бўлди.
Бизнинг баҳолашимизга кўра, ЕҚТБ ёрдамига эга бўлган кичик корхоналарнинг тахминан 70 фоизи Алмати ва Астана шаҳарларидан ташқарида жойлашган. Ёрдам олган компанияларнинг ярмидан кўпини аёллар бошқаради. 2015 йилдан бери ЕҚТБ кўмаги билан маҳаллий кичик бизнесларда 9 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Advice for Small Businesses дастури Қозоғистон Ҳукумати кўмагида амалга ошириб келинмоқда ва яқинда бу ҳамкорлик яна беш йилга узайтирилди. Янги келишув доирасида ўсиш салоҳияти юқори бўлган ўрта бизнесларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– ЕҚТБ иштирокида Марказий Осиёда сув ресурслари ва иқлим барқарорлигини кучайтириш бўйича ҳамкорлик қандай мустаҳкамланиши мумкин?
– Марказий Осиёда 83 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди ва уларнинг ҳар тўртинчиси доимий равишда тоза ичимлик сувига ета олмайди. World Resources Institute ташкилоти башоратига кўра, 2050 йилга бориб бутун дунё бўйлаб тахминан бир миллиард киши сув танқислигига дуч келади. Бу ҳолат иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигида жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Марказий Осиё давлатлари ҳам бу инқироздан жабр кўриши эҳтимолдан холи эмас.
Аёнки, ЕҚТБ глобал исиш жараёнини ўзи тўхтата олмайди ёки унинг оқибатларини тўлиқ бартараф эта олмайди. Бироқ, банк сув таъминотини кенгайтириш, сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва улардан самарали фойдаланишни рағбатлантириш орқали иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишда фаол иштирок этмоқда.
Ҳудуддаги муниципалитетларнинг ичимлик суви ва канализация тизимларининг кўпчилиги сўнгги 30 йилда сезиларли инвестиция ёки модернизация кўрмаган. Қишлоқ ҳудудларда эса кўпинча тоза сув ва тозалаш иншоотлари йўқ.
ЕҚТБ ушбу муаммони инвестициялар ва техник кўмак орқали ҳал этмоқда. Жорий йил июнь ойида банк Ўзбекистон Сув ресурслари вазирлигига мамлакатнинг 10 ҳудудидаги суғориш тизимларини таъминловчи 110 та насос станциясини модернизация қилиш учун 250 миллион долларлик кредит ажратди. Ушбу муҳим соҳани қўллаб-қувватлаш – банкнинг стратегик мажбуриятларидан бири бўлиб қолмоқда.

Қозоғистонда биз хусусий сектор иштирокининг сув таъминоти тизимини модернизация қилишда қандай ижобий таъсир кўрсата олишини намойиш этдик. Чимкент шаҳридаги муниципал операторга кўп йиллик кўмак туфайли 1,2 миллиондан зиёд аҳоли сифатли ичимлик суви билан таъминланди. Бу компания коммунал хизматларга хусусий секторни жалб қилишнинг муваффақиятли намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Қирғиз Республикасида 26 муниципалитетда тоза сув таъминотини таъминлашга ёрдам бердик. Бу шаҳар хизматларини модернизация қилиш, сув йўқотилишини камайтириш ва муниципалитетлар барқарорлигини ошириш орқали амалга оширилди. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларни қамраб олган ушбу лойиҳалар мамлакатга тизимли таъсир кўрсатди.
Тожикистонда 21 муниципалитетда тоза ичимлик сувига етишиш имкониятини яратишда ёрдам бердик. Бу эса аҳолининг турмуш тарзи ва санитария шароитларини яхшилашга хизмат қилди.
Умуман олганда, биз аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлайдиган ва ресурслардан самарали фойдаланишни кўзловчи инфратузилмавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ҳамда халқаро ҳамкорлар билан самарали ишни давом эттиришга ишонамиз.