Дунёдаги энг бадавлат 1 фоиз одамнинг бойлиги 33,9 триллион долларга кўпайди
ASTANA/ Kazinform — Охирги ўн йил ичида дунёдаги 3 минг миллиардернинг бойлиги 6,5 триллион долларга ўсиб, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 14,6 фоизига тенглашди. Умуман олганда, энг бадавлат 1 фоиз одамнинг бойлиги камида 33,9 триллион долларга кўпайган, деб хабар беради The Guardian.

Нашрнинг ёзишича, тадқиқот Oxfam хайрия ташкилоти томонидан ўтказилган бўлиб, бу маблағлар «глобал қашшоқликни 22 марта тугатиш учун етарли» эканини таъкидламоқда.
Буюк Британияда миллиардерлар сони 1990 йилдаги 15 нафардан 2024 йилда 165 нафарга кўпайди, Equality Trust маълумотларига кўра, уларнинг ўртача бойлиги худди шу даврда 1000 фоиздан ошди. Oxfam маълумотларига кўра, миллиардерлар «ўз бойлигининг атиги 0,3 фоизига яқин миқдорда самарали солиқ ставкасини тўлайди, бу оддий ишчилар тўлаганидан анча паст».
Ўтган йили Испания, Бразилия, Германия ва Жанубий Африка G20 саммитида тенгсизликни камайтириш ва давлат даромадларини кўпайтириш мақсадида ўта бадавлат одамларга камида 2 фоиз солиқ жорий этиш таклифини маъқуллаган эди. Унинг эҳтимолий таъсири бўйича ҳисоб-китоблар турлича, аммо етакчи француз иқтисодчиси Габриэл Зукман томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу 250 миллиард долларгача қўшимча даромад келтириши мумкин.
Давлатлар бошқа ҳукуматларни кампанияни қўллаб-қувватлашга чақириб, ўта бойлардан олинадиган солиқ рақамли иқтисодиётни солиққа тортиш бўйича музокаралар ва трансмиллий компаниялар учун глобал минимал корпоратив солиқни 15 фоизга етказиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни тўлдиришини айтди.
Испания, Бразилия, Германия ва Жанубий Африка вакиллари «солиқ имтёзлари»дан фойдаланишга қарши курашиш учун чора кўриш зарурлигини ва солиқ Монако ёки Жерси каби жойларда яшашни танлаган, лекин Буюк Британия ёки Франция каби йирикроқ иқтисодиётларда пул ишлаб топаётган миллиардерларнинг солиқ тўлашдан бўйин товлашига йўл қўймаслик учун ишлаб чиқилишини таъкидламоқда.
Oxfam сўрови шуни кўрсатдики, одамларнинг 86 фоизи бой ва йирик корпорацияларга «солиқ имтиёзлари»дан фойдаланишга имкон берадиган «бўшлиқларни ёпиш» орқали давлат хизматлари харажатларини қоплаш ғоясини қўллаб-қувватлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жаҳоннинг энг бой шаҳарлари рейтинги эълон қилинган эди.