Давлат томонидан илм-фанни ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда – ҚР Президенти
ASTANA. Kazinform – Президент Илм-фан куни арафасида олимлар билан учрашиб, уларни касб байрамлари билан табриклади. Қасим-Жомарт Тоқаев илм-фаннинг турли соҳаларида муваффақиятли меҳнат қилиб, давлат равнақига ҳисса қўшаётган фуқароларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

“Илм йўли машаққатли. Фақат фидойи, қатъиятли, меҳнатсевар, янгиликка интилувчан, ижодкор инсонларгина илм-фан қийинчиликларига бардош бера олади. Агар биз чинакам илғор миллат бўлмоқчи бўлсак, бу фазилатларни жамиятга тарғиб қилишимиз, сингдиришимиз керак. Технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги даврда узлуксиз изланиш, чуқур билим ва илм-фанга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Мен Бурабайда бўлиб ўтган Миллий қурултойда бу масалага алоҳида эътибор қаратдим. Бу борада илмий жамоатчилик зиммасига алоҳида масъулият юкланади. Зеро, олим – миллат чироғидир”, – деди Давлат раҳбари.
Йиғилишда истиқлолнинг дастлабки йилларида илм-фанга катта эътибор берилмагани, кўплаб олимлар бошқа соҳаларга ўтиб кетгани таъкидланди. Натижада Қозоғистонда илмий ходимлар сони 3 баравар қисқарди ва бу миллатнинг интеллектуал салоҳиятига катта таъсир кўрсатди.
– Давлатимиз томонидан илм-фанни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Уч йил аввал Фанлар академиясини модернизация қилиш бўйича топшириқ бергандим. Ўшандан бери кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Академияга олий илмий ташкилот мақоми берилди. Инфратузилма тизими янгиланмоқда. Кадрлар тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди. Ўтган йили қабул қилинган “Фан-техника сиёсати тўғрисида”ги қонун бу жараёнларга янги суръат бағишлади. Ҳужжат фанни бошқариш усулларига аниқлик киритади. Олимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланди. Бир сўз билан айтганда, қонун илм-фан соҳасида меҳнат қилаётган фуқароларнинг манфаатларини ҳисобга олади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Илм-фан стратегик муҳим йўналиш бўлганлиги сабабли кейинги йилларда бу соҳага ажратилаётган маблағ 3,5 баробар кўпайди, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш кучайди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бундай қадамлар мамлакатнинг илмий салоҳиятини юксалтиради. Ҳозирда Қозоғистонда 25 мингдан ортиқ олим фаолият юритса, уларнинг ярми 40 ёшгача бўлган мутахассислардир. Бу мамлакатда янги авлод олимлари етишиб чиқаётганидан далолатдир.
Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, маҳаллий илм-фан олдида турган бир қатор муҳим вазифаларга эътибор қаратди.
“Стратегик мақсадлардан бири ядро фани ва технологиясини ривожлантиришдир. Қозоғистон бу борада катта имкониятларга эга. Алматидаги Ядро физикаси институти, Курчатовдаги Миллий ядро маркази каби етакчи илмий муассасаларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда, мутахассислар тайёрланмоқда. Атом энергиясини ишлаб чиқариш нафақат барқарор энергия манбаи, балки иқтисодиёт ва фаннинг янги соҳаларини ривожлантиришнинг калитидир. Бунга ядровий тиббиёт, водород энергияси, сувни тузсизлантириш, синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш, кичик модулли реакторлар ва бошқалар киради. Бу йўналишда салмоқли муваффақиятларга эришиш учун илмий-тадқиқот инфратузилмасини мустаҳкамлаш, илмий ишларни фаоллаштириш, муҳандислик таълимини модернизация қилиш зарур. Атом энергетикасини ривожлантириш Президент ҳузуридаги Фан ва технологиялар бўйича Миллий кенгашнинг бўлажак йиғилиши кун тартибидаги асосий масала бўлиши керак. Мен Миллий қурултойда илм-фан шаҳарчаларини яратиш масаласини ҳам кўтардим. Миллий кенгаш бу ишга алоҳида эътибор қаратиши керак”, – деди Президент.
Давлат раҳбари дунёда сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётганини таъкидлаб, Қозоғистонда бу борада етакчи бўлиш учун барча имкониятлар бор, деб ҳисоблашини таъкидлади.
“Инсон капитали мамлакатимизда бу борадаги ишларнинг асосий кафолатидир. Яъни, биз иқтидорли ва билимли фуқароларга таянамиз. Шу боис IТ мутахассислар тайёрлашни кучайтирамиз ва талабаларга сунъий интеллект кўникмаларини ўргатамиз. Маҳаллий фанда бундай истиқболли йўналишлар кўп. Умуман олганда, илм-фанни тизимли ривожлантириш учун давлат ва бизнес, олий ўқув юртлари ва илмий марказлар кучини бирлаштириши зарур”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент таъкидлаганидек, олий ўқув юртлари янги тадқиқот ва инновациялар бўйича етакчи бўлиши керак. Мамлакатдаги таълим муассасаларида илм-фандан кўра мутахассислар тайёрлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу бевосита таълим муассасаларининг зиммасида бўлса-да, таълим ва фан ёнма-ён бориши керак.
“Қозоғистонда тадқиқот университетлари мақомига лойиқ 10 та таълим муассасаси мавжуд. Бу илм-фан ривожи учун етарли эмас. Бу ишни кучайтиришимиз керак. Илм ҳам мамлакатга ҳақиқий фойда келтириши керак. Биз бу йўналишда маълум ютуқларга эришдик. Амалий тадқиқотлар билан шуғулланувчи илмий ташкилотларнинг даромади сўнгги беш йилда 40 миллиард тенгедан ошди. Ғазнага 10 миллиард тенгедан ортиқ солиқ тушди. Келгусида бу кўрсаткич янада ортиб бораверади. Илм-фан соҳасига 14,5 миллиард тенге хусусий сармоя жалб этилди. Икки мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Шундай қилиб, олимларимиз иқтисодиёт ривожига ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Таълим муассасалари корхоналар билан яқин алоқа ўрната бошлади. Бунга мисол тариқасида Satbayev University тадқиқотчиларининг ишларини келтириш мумкин. Университет олимлари селен элементини юқори даражада тозалаш имконини берувчи янги технологияни ишлаб чиқди. Натижада бир килограмм селеннинг таннархи 15 баробар ошиб, уни ишлаб чиқарувчи корхонага 1,2 миллиард тенге қўшимча фойда келтирди”, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев ёш академик Сураған Дурбитханнинг фаолиятини алоҳида таъкидлади. Унинг математик физика соҳасидаги илмий изланишлари криптография ва маълумотларни ҳимоя қилиш тизимларида муваффақиятли қўлланилмоқда. Президент буни рақамлаштириш давридаги ўта муҳим ютуқ, дея баҳолаб, бу Қозоғистон илм-фанининг юксак салоҳиятини намоён этганини таъкидлади. Президент таъкидлаганидек, мамлакатдаги корхоналар ҳам илм-фан ривожига ҳисса қўшиши керак. Улар янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш учун университетлар ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик қилишлари керак. Қозоғистондаги йирик саноат корхоналари ўз даромадларининг 1 фоизини фанга йўналтирмоқда. Президент буни стратегик аҳамиятга эга йўналиш, деб ҳисоблайди.
Ўз навбатида Қасим-Жомарт Тоқаев бугунги кундаги вазиятга тўхталиб ўтди. Кўпгина экспертлар дунё сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий инқироз ёқасида эканлигини таъкидладилар. Гигант давлатлар бир-бирига қарши “тариф жабҳаси” очар экан, ишлаб чиқариш ва савдо занжирлари бузилади, бозорлар таназзулга юз тутади, товар нархлари беқарор бўлади. Бу, шубҳасиз, барча мамлакатларга, жумладан, Қозоғистонга ҳам таъсир қилади.
“Ҳозирда юқори тарифларни жорий этишга 90 кунлик мораторий эълон қилинган бўлса-да, бозордаги вазият жуда беқарор. Шунинг учун биз ушбу иқтисодий нотинчлик Қозоғистон иқтисодиётига олиб келган оқибатларини бартараф этиш устида ишлаяпмиз. Бироқ, ваҳима учун ҳеч қандай сабаб йўқлигига аминман. Биз ҳар доим ўз устуворликларимизга эътибор қаратиш орқали барча қийинчиликларни енгиб чиқдик. Ноқулай ташқи омиллар таъсирига қарамай, ривожланиш йўлидан борамиз. Йирик инфратузилма лойиҳалари ва бошқа ташаббуслар тўлиқ амалга оширилади. Куни кеча Ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларига чора-тадбирлар режасини зудлик билан якунлаш бўйича топшириқ бердим. Ушбу қадам ўсиш суръати ва инвестициялар ҳажмини камайтиришга йўл қўймаслик учун мўлжалланган. Бугунги кунда сармоя учун кураш кучаймоқда. Шунинг учун биз оқилона ҳаракат қилишимиз керак. Биз барча қийинчиликларга тайёр бўлишимиз керак. Барча ишлар жиддий ва ишончли бажарилиши керак. Маълумки, инқирознинг ҳам ўз фойдалари бор. У раҳбарлик лавозимидаги фуқароларнинг ишбилармонлик қобилиятига эга ёки йўқлигини аниқлайди. Бу ҳам янги имкониятларни очади. Бу ташқи шароит тубдан ўзгариб бораётган бир даврда миллий иқтисодиёт барқарорлиги ва ижтимоий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамият касб этади”, – деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев илм-фан ривожланган давлат ҳар қандай қийинчиликларга дош бера олишини таъкидлади. Шунингдек, Қозоғистоннинг келажаги ватанпарвар ва малакали олимлар қўлида эканини, давлат уларни бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
“Орамизда иқтидорли мутахассислар бор. Орамизда бутун умрини илм-фан ва таълимга бағишлаган фахрийларимиз, иқтидорли ёш олимлар ҳам бор. Барчангизга яна бир бор миннатдорчилик билдираман”, – деди ҚР Президенти.
Йиғилиш якунида Президент бир гуруҳ олимларни давлат мукофотлари билан тақдирлади.


Тадбирда илк бор «Қазақстанның еңбек сіңірген ғылым және техника қайраткері» унвони топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ ёш олимларга бошпана калитлари берилди.


Маросимда Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий фанлар академияси академиклари Жумабай Бакенов ва Сураған Дурбитхан, Ўсимликлар биологияси ва биотехнологияси институти кичик илмий ходими Анастасия Капитина сўзга чиқди.