Давлат раҳбари Россия Федерал Мажлиси Федерация кенгаши раиси билан учрашди

ASTANА. Кazinform — Валентина Матвиенко билан учрашувда Президент ушбу ташрифни Қозоғистон ва Россиянинг кўп қиррали ҳамкорлигидаги муҳим босқич деб билишини айтди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Тоқаев ва Матвиенко
Фото: Ақорда

– Ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги босқичга кўтариш нуқтаи назаридан тарихий аҳамиятга эга, — деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Владимир Путин билан учрашуви ҳақида сўзлаб берди ва икки мамлакат расмий делегациялари вакиллари иштирокида ўтказиладиган музокаралар кун тартибига эътибор қаратди.

– Кеча биз Владимир Владимирович билан икки соатга яқин юзма-юз суҳбатлашдик, кўплаб масалалар, ўзаро ҳамкорлик ва халқаро вазиятни муҳокама қилдик, — деди Қозоғистон Президенти.

Валентина Матвиенко Давлат раҳбарига учрашув учун миннатдорчилик билдирди ва Россия Қозоғистон Президентининг давлат ташрифига алоҳида аҳамият беришини таъкидлади.

– Биламан, Сизнинг ташрифингизга катта тайёргарлик кўрилди. Кенг қамровли дастур ва давлатлараро ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилди. Бугун ушбу ҳужжатлар давлат раҳбарлари томонидан имзоланади. Ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелули, мен Сизнинг "Российская газета" нашрида чоп этилган мақолангизни диққат билан ўқиб чиқдим. Ростини айтсам, Россия-Қозоғистон муносабатларига оид жиҳатларга эътирозим йўқ. Сиз икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тарихи, бугуни ва келажагини жуда чуқур таҳлил қилдингиз, — деди Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация кенгаши раиси.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Валентина Матвиенко савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг, шунингдек, парламентлараро мулоқотнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди.

Улар юқори даражада эришилган барча келишувларни юқори сифатли қонунчилик билан қўллаб-қувватлаш ва Қозоғистон ва Россия парламентларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти “Номаълум аскар қабри”га гулчамбар қўйди.

Сўнгги хабарлар