Давлат раҳбари келгуси йили СПЕКАнинг панел сессиясини Қозоғистонда ташкил этишни таклиф қилди
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастури (СПЕКА) иштирокчиси бўлган давлат раҳбарларининг биринчи саммитида нутқ сўзлади. Қозоғистон президентининг сўзларига кўра, Астана СПЕКАни институционаллаштириш жараёнини қўллаб-қувватлайди. Минтақа мамлакатлари ўртасида кўп томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни самарали ривожлантириш учун дастурнинг улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш кўзда тутилган, дея хабар беради Каzinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

- Бундан ташқари, келажакда биз ҳамкор давлатлар ва БМТ институтлари вакилларини СПЕКАга янги иштирокчилар сифатида қўшилишларини маъқуллаймиз. Мамлакатларимиз ҳукуматларига СПЕКА махсус ишчи гуруҳини тузиш вазифасини қўйган маъқул, деб ўйлайман. Фурсатдан фойдаланиб, келгуси йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган Астана халқаро форуми доирасида СПЕКА панел сессиясини ташкил этишни таклиф қиламан. Ушбу юқори даражадаги йиғилиш бугунги куннинг мисли кўрилмаган муаммоларига биргаликда жавоб топиш учун жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга қаратилган. Бундан ташқари, мен Қозоғистонда бўлажак СПЕКА саммитларидан бирини ўзаро келишилган вақтда ўтказишни таклиф қиламан, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент нутқини якунлар экан, бугунги Саммит Махсус дастур самарадорлигини оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги дўстона ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш имконини беришига ишонч билдирди.