Давлат раҳбари Қарағанди вилояти ҳокимини қабул қилди
Президентга Қарағанди вилоятини 2023 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида маълумот тақдим этилди, дея хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Ермағанбет Бўлекпаевнинг айтишича, ўтган йилнинг 11 ойида вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3,1 триллион тенгени ташкил этган. Асосий капиталга киритилган инвестициялар 16,3 фоизга ошиб, 727 миллиард тенгега етди. Ишлаб чиқариш тармоқларида: машинасозликда 45 фоиз, енгил саноатда 23,9 фоиз, фармацевтикада 20 фоиз ўсишга эришилди.
Ўсиш қоғоз саноати, қурилиш саноати ва қора металлургияда кузатилмоқда. Кичик ва ўрта бизнес соҳасида 100 мингдан ортиқ корхона фаолият юритаётган бўлса, вилоят фаол аҳолисининг 45 фоизи шу йўналишда меҳнат қилмоқда. Тадбиркорлар учун чакана солиқ миқдори 4 фоиздан 2 фоизга камайди. Жорий йилда кичик ва ўрта бизнеснинг умумий ҳудудий маҳсулотдаги улушини 19 фоиздан 25 фоизга ошириш режалаштирилган; иқтисодиётнинг барча тармоқларида 25 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилиб, ишсизлик даражаси 4,1 фоизга, қашшоқлик даражаси 2,7 фоизга камайди; аҳолининг реал даромадлари 4,7 фоизга ошди. Қишлоқларда 92 та тиббиёт муассасаси қуриш, иккита туманлараро шифохонани модернизация қилиш ишлари бошлаб юборилди. Жорий йилда вилоятда “Қулай мактаб” лойиҳаси доирасида 7100 ўринли 10 мактаб фойдаланишга топширилади.
Бундан ташқари, Президентга иситиш мавсумининг бориши ва “Қармет” корхонасидаги мавжуд ҳолат ҳақида маълумот берилди.
Давлат раҳбарига янги инвесторнинг ишлаб чиқаришни барқарорлаштириш ва унинг ҳажмини ошириш борасидаги чора-тадбирлари, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва корхона ходимлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича режалари ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, Е.Бўлекпаев ижтимоий соҳанинг аҳволи, “Қишлоқ – юрт бешиги” ва “Қишлоқ депозити” лойиҳаларини амалга оширишнинг бориши ҳақида сўзлаб берилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев вилоятни янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича қатор топшириқлар берди. Шунингдек, у “Қармет” компаниясига қарашли объектлардаги вазиятни алоҳида назоратга олиш зарурлигини таъкидлади.