Давлат раҳбари Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан музокаралар ўтказди
ASTANА. Кazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Ираклий Кобахидзега ҳурмат-эҳтиром билдириб, уни Грузия Бош вазири лавозимига қайта тайинлангани билан табриклади ва грузин халқи тараққиёти йўлидаги масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Президент амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида сўнгги йилларда Грузия иқтисодий ўсиши 9,4 фоизни ташкил этганини таъкидлади.

Тоқаев Қозоғистон-Грузия муносабатлари суръатини юқори баҳолади. Президентнинг сўзларига кўра, Грузия Қозоғистоннинг Кавказ минтақасидаги ишончли ҳамкори бўлиб, икки давлатни ўзаро дўстлик ва яқин тарихий илдизлар боғлаб туради.
– Қозоғистон ва Грузия турли даражаларда, хусусан, парламентлар, ҳукумат ва давлат органлари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган, — деди Давлат раҳбари.

Грузия Бош вазири Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдириб, унинг лавозимга киришганидан кейинги илк хорижий сафарларидан бири Қозоғистонга бағишланганини айтди.
Ираклий Кобахидзенинг сўзларига кўра, Грузия Қозоғистон билан кўп режали ҳамкорликни мустаҳкамлашга урғу беради.
– Сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш биз учун жуда муҳим. Биз Қозоғистон манфаатларини турли форматларда, жумладан, кўп томонлама майдонларда фаол ҳимоя қилишга тайёрмиз, — деди у.
Бош вазир Қозоғистон Президентини Грузияга ташриф буюришга таклиф қилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ираклий Кобахидзе Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйлаб юк ташиш ҳажмини ошириш ва транзит йўлаги инфратузилмасини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда савдо, энергетика, сармоя, туризм, сунъий интеллект ва рақамлаштириш каби кўплаб йўналишларда икки томонлама муносабатларни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, халқаро кун тартиби ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.