Давлат раҳбари “Дўстлик-Мўйинти” темир йўлининг иккинчи линиясини ишга туширди
ASTANА. Kazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев New Silk Way VII Халқаро транспорт-логистика бизнес-форумининг очилиши билан табриклаб, бугунги тадбирнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

— Ҳаммамиз “Дўстлик-Мўйинти” темир йўлининг иккинчи линиясининг расман очилишига гувоҳ бўлиб турибмиз. “Дўстлик-Мўйинти” темир йўли чинакам муҳим инфратузилма лойиҳасидир. Мазкур лойиҳа Қозоғистон транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга алоҳида туртки бериши ва самарадорлигини ошириши шубҳасиз. Тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, бундан ўттиз беш йил аввал “Дўстлик-Алашанкай” лойиҳаси бошланган эди. Қозоғистон ва Хитой темир йўллари кесишган. Бу мамлакатимиз учун тарихий воқеа бўлди. Ўша темир йўлни қурган фахрийларимиз ҳозир бу йиғинда қатнашмоқда. Барчангизга самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Халқимизга Мурожаатномамда транспорт-логистика соҳаси иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи, халқаро алоқаларни мустаҳкамловчи асосий омиллардан бири эканини таъкидладим. Қозоғистон бу борада катта имкониятларга эга. Буюк ипак йўли Қозоғистон ва Ўрта Осиё орқали ўтган. Қозоқ замини азалдан Хитой ва Европа ўртасидаги олтин кўприк ҳисобланиб келган. Хитой бизнинг абадий, дўстона қўшнимиз ва ишончли иттифоқчимиз. Биз ҳар доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Икки халқ ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган. Мамлакатларимиз келажакка нисбатан умумий қарашларга эга. Кўп соҳалардаги ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, “Бир макон, бир йўл” глобал лойиҳасининг аҳамияти беқиёс. Барчангизга маълумки, 2013 йилда раис Си Цзиньпин Қозоғистонда бу ташаббусни эълон қилган эди. Биз ушбу лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва уни амалга оширишда фаол иштирок этмоқдамиз. Чунки бу ташаббус мамлакатимиз манфаатларига тўла жавоб беради. “Дўстлик-Мўйинти” темир йўлининг иккинчи линияси бунинг ёрқин далилидир, – деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон орқали 5 та темир йўл коридори ўтиб, дунёдаги энг йирик савдо бозорларига йўл очишини айтди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу Мустақилликдан кейинги энг йирик темир йўл қурилиши, мамлакат учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳадир.
– Ишчиларимиз қарийб уч йилдан буён кечаю кундуз тинмай меҳнат қилишди. Бундай фаол ишлар туфайли темир йўл муддатидан аввал фойдаланишга топширилмоқда. Буни ҳақиқатан ҳам тарихий лаҳза деб аташ мумкин. Бу — барчангизнинг меҳнатларингиз самараси. Барчангизни чин қалбимдан табриклайман! Миннатдорчилигимни билдираман. Янги йўл юк ташиш ҳажмини 5 баробар ошириш имконини беради. Шунингдек, бу экспорт товарларини етказиб бериш муддатини қисқартиради ва транзит салоҳиятимизни мустаҳкамлайди, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.




Президент бугунги кунда мамлакат Евроосиёдаги асосий транзит хабларидан бирига айланганини таъкидлади.


- Қозоғистон шимол ва жанубни, ғарб ва шарқни боғлайди. Юртимиз орқали 5 та темир йўл коридори ўтади. Буларнинг барчаси дунёдаги энг йирик савдо бозорларига йўл очади. Биз транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Сўнгги ўн йил ичида ушбу соҳага қарийб 35 миллиард доллар сармоя киритилди. Халққа Мурожаатномамда қатор лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ бердим. Яқин келажакда 5 минг километр темир йўл қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 11 минг километр темир йўл таъмирланади. Ҳозирда “Мўйинти – Қизилжар” темир йўли қурилмоқда. Қизилжар станциясидан Ақтау портигача бўлган участкалар модернизация қилинади. Бу йўналиш Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг асосий қисми ҳисобланади. Буларнинг барчаси Транс-Қозоғистон темир йўл йўналиши, яъни Европа ва Осиёни боғловчи Ўрта коридорнинг жадал ривожланишига хизмат қилади. Умуман олганда, рақобатбардош давлат бўлиш учун иқтисодиётимизни имкон қадар кучлироқ қилишга эътибор қаратишимиз керак. Бу борада транспорт-логистика соҳаси алоҳида ўрин тутади. Шу боис Қозоғистоннинг транзит салоҳиятини ошириш асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб қолади. Темир йўл соҳаси олдида турган вазифалар аниқ, – деди Президент.
Давлат раҳбари ушбу соҳани келгусида мамлакат иқтисодиётининг етакчи йўналиши сифатида ривожлантириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш кўзда тутилаётгани, олдинда ҳали кўп ишлар борлиги, шу боис барча режаларни ўз вақтида амалга ошириш ғоят муҳим эканига эътибор қаратди.
Шунингдек, телекўприкда Транспорт вазири Нурлан Сауранбаев, «Қазақстан темір жолы» МК” АЖ бошқаруви раиси Талғат Алдибергенов, “Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамони” ва темир йўл соҳаси фахрийси Қалтай Самбетовлар сўзга чиқдилар.
Янги йўл юк ташиш ҳажмини беш баробар ошириш имконини беради. Шунингдек, бу экспорт товарларини етказиб бериш муддатини қисқартиради ва транзит салоҳиятини мустаҳкамлайди. Бугун мамлакат Евроосиёдаги асосий транзит хабларидан бирига айланди.