Давлат раҳбари Абай таваллудининг 180 йиллиги муносабати билан тантана иштирокчиларини табриклади
ASTANA. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Абай Қўнонбоев таваллудининг 180 йиллигига бағишланган тантанали тадбир иштирокчиларига табрик йўллади, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

“Азиз дўстлар! Сизларни Абай Қўнонбоев таваллудининг 180 йиллиги билан табриклайман! Абай - она маданиятимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган жаҳон миқёсидаги даҳо, халқимиз онгини тиклаган буюк шоирдир. У янги адабиётимизга асос солди, дунёқарашимиз уфқларини кенгайтирди. У ўсиб келаётган авлодни билимли, меҳнатсевар, ҳалол фуқаро бўлиб етишишга даъват этиб, миллатнинг янги сифатини шакллантирувчи фазилатларни кенг тараннум этди. У Ватанга муҳаббат, эл-юрт манфаатлари йўлида фидокорона хизмат қилишнинг юксак намунасини кўрсатди”, — дейилади табрикда.
Давлат раҳбари, шунингдек, Ҳаким Абайнинг бой мероси нафақат қозоқ халқи, балки бутун инсоният ўрнак олса бўладиган бебаҳо хазина эканини алоҳида таъкидлади.
“Унинг фикрлари ва таълимотларининг долзарблиги ҳеч қачон йўқолмайди. Бинобарин, Абайни тан олиш, тарғиб қилиш, ижодини чуқур ўрганиш жуда муҳим. Бугунги тантанали тадбирнинг мазмун-моҳияти ҳам шундан иборат. Абай қатори дунёга Шакарим Қудойбердиули, Мухтор Ауезов каби улуғ ўғлонларни ато этган муқаддас заминда ўтаётган бугунги тадбир ҳам ана шу мақсадга бағишланди. Давлатимиз томонидан ушбу ҳудудни миллий маданият маркази сифатида ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Буюк мутафаккирнинг ҳаётий шеърлари, табаррук сўзлари кўп авлодлар учун маънавий озуқа бўлиб қолиши аниқ. Буюк Абай меросига содиқ бўлайлик!”, — дейилади давлат раҳбари табригида.