“C5+Германия” мулоқоти ташаббуси мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлайди – Тоқаев
Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Президенти билан учрашувида иштирок этди, дея хабар беради Кazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Учрашувда Давлат раҳбари “C5+Германия” мулоқоти ташаббуси мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлашини таъкидлади.
Қасим-Жомарт Тоқаев минтақа давлатлари раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш мумкин бўлган ҳамкорликнинг устувор йўналишларини таклиф қилди. Президент, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий муносабатлар, янги транспорт-транзит йўлакларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратди.
Учрашувда иқлим ўзгариши ва сув танқислиги муаммоси алоҳида таъкидланди. Йиғилиш иштирокчилари музликларнинг эриши ва Марказий Осиёдаги экологик вазиятнинг ўзгариши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Қозоғистон Президентининг сўзларига кўра, Германиянинг ушбу муаммоларни ҳал этиш тажрибаси минтақа учун жуда муҳим.
Давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақаси ва Европа Иттифоқидаги геосиёсий вазият билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, Афғонистондаги ҳозирги вазият ҳам кўриб чиқилди.
Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Украинадаги инқироз Европа ва Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатаётганини айтди.
Қасим-Жомарт Тоқаев бунга жавобан ўзаро манфаатли тинч ечимларни топишга қаратилган оқилона дипломатия зарурлигини яна бир бор таъкидлади. Давлат раҳбари томонларнинг ҳақиқий музокараларга киришиши зарурлигига эътибор қаратди.
Қозоғистон Президенти Марказий Осиё давлатлари билан Германия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Хусусан, Давлат раҳбари илм-фан ва таълим, немис тилини ўқитиш дастурлари бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлади.
Бундан ташқари, йиғилишда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов сўзга чиқди.
Бунгача Қозоғистон ва Германия президентлари кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олгани ҳақида хабар берган эдик.