Буюк Британияда Ўзбекистон маданияти ва миллий таомлари фестивали бўлиб ўтади

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ташаббуси билан 21-22 июнь кунлари машҳур “Tower Bridge” майдонида “Ўзбекистон маданияти ва миллий таомлари” фестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

автобус
Фото: UzA

Шу муносабат билан Лондон кўчаларида “Ўзбекистонга хуш келибсиз” деган ёзувли баннерлар билан безатилган икки қаватли автобуслар пайдо бўлди.

Мазкур тадбир британияликларни Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, сайёҳлик имкониятлари ва миллий таомлари билан таништиришга қаратилган. “Ўзбекистон карвони” номли маданий-гастрономик марафон ҳозиргача Лондон, Эдинбург, Манчестер, Ливерпуль, Кардифф ва Оксфорд шаҳарларида ўтказилди. Фестиваль доирасида халқ ҳунармандчилигига оид тақдимотлар, фольклор жамоаларининг чиқишлари, миллий таомлар дегустацияси (татиб кўриш маросими) ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларини акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилади.

Бу каби ташаббуслар маданий дипломатияни ривожлантиришга ҳамда Марказий Осиё тарихи ва ўзига хос маданиятига қизиқувчи сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда хорижликлар ва мигрантлар учун ОИВ инфекциясини мажбурий текшириш жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар