Буюк Британия Арктикани “музлатиш” учун 13,4 млн доллар ажратди

Буюк Британия ҳукумати Арктика музликларининг тезлашаётган эришини тўхтатиш мақсадида кенг кўламли тажриба ўтказиш учун 13,4 миллион доллар маблағ ажратди. Бу ҳақда Тhе Times газетаси хабар берди, деб ёзади daryo.uz.

Арктика
Фото: pixabay.com

Истиқболли тадқиқотлар ва ихтиролар агентлиги (АRIА) ёрдамида амалга оширилаётган лойиҳа Арктикадаги муз қалинлигини сувости роботлари ёрдамида сунъий равишда кўпайтиришни назарда тутмоқда.

Маълум қилинишича, тажриба Канада Арктика архипелагига кирувчи Виктория оролида ўтказилади. Жамоага Кембриж университети профессори Шон Фицжералд бошчилик қилади. Унинг ҳамкасблари бир йил олдин дастлабки синовни ўтказишган: улар муздан қор қатламини тозалаган, тешиклар очган ва денгиз сувини юза қисмига чиқарган. Натижада қалинлиги 50 сантиметргача бўлган янги муз қатлами ҳосил бўлган. Энди олимларнинг вазифаси жараённи кенгайтириш, аниқ маълумотларни тўплаш ва эҳтимолий экологик оқибатларни баҳолашдан иборат.

Лойиҳа уч қишга мўлжалланган бўлиб, лаборатория тадқиқотлари, моделлаштириш ва дала синовларини ўз ичига олади. Муваффақиятга эришилса, олимлар музни бурғилаш ва музлайдиган сувнинг янги қатламларини яратишга қодир бўлган 500 минг автоном сув ости роботларидан иборат тизимни ишга туширишни таклиф этишади. Бундай режанинг йиллик харажати 10 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Шундай бўлса-да, ғоя хавотир уйғотмоқда. Баъзи мутахассисларнинг фикрича, Арктикани “қайта музлатиш” каби геомуҳандислик ечимлари вазиятнинг яхшиланишига нисбатан асоссиз ишонч уйғотиши ва чиқиндиларни камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни сусайтириши мумкин.

Сўнгги хабарлар