БМТнинг Фаластин бўйича конференцияси 28-30 июль кунлари бўлиб ўтади
ASTANА. Кazinform — Аввалига июнь ойига мўлжалланган Яқин Шарқ бўйича юқори даражадаги халқаро конференция энди БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида 28—30 июль кунлари бўлиб ўтади, деб ёзади ТАСС.

Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеяси 79-сессияси раисининг расмий вакили Шэрон Бирч маълум қилди.
Тадбир Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддият туфайли қолдирилди.
— Конференция 28-30 июл кунлари бўлиб ўтади, — деди у.
17—20 июнь кунлари Саудия Арабистони ва Франция БМТ штаб-квартирасида Исроил-Фаластин можаросига икки давлат тамойили асосида ечим топиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни илгари суриш мақсадида юқори даражадаги конференция ташкил қилиши керак эди. Бироқ 13 июнь куни Исроил ва Эрон ўртасида қуролли тўқнашув бошлангани сабабли Франция президенти Эммануэль Макрон тадбир “логистика ва хавфсизлик муаммолари” туфайли кейинга сурилишини маълум қилди.
Фаластин ҳозирда БМТнинг 148 аъзоси томонидан расман тан олинган. 95 давлатда Фаластин элчихоналари ва доимий ваколатхоналари фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо секторида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 56 531 нафарга етгани ҳақида хабар берган эдик.