БМТ Бош котиби Туркманистонга расмий ташриф буюрди
ASTANA. Kazinform – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерреш ривожланаётган, денгизга чиқиш имкони йўқ давлатлар бўйича БМТнинг Учинчи конференциясида иштирок этиш учун Туркманистонга ташриф буюрди. Тадбир миллий туристик ҳудуд «Аваза»да бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради TDH ахборот агентлиги.

Туркманбоши халқаро аэропортида БМТ Бош котибини Туркман халқи миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслахати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди.
Антониу Гутерреш Туркманистонда, барқарор ривожланиш йўлидан бораётган мамлакатда, умуминсоний аҳамиятга эга халқаро форумда иштирок этиш унинг учун катта шараф эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, Гурбангули Бердимуҳамедов ушбу конференциянинг БМТ шафелигида юқори даражада ташкил этилиши ва ўтказилиши Туркманистонга бўлган умумжаҳон ишонч ифодаси эканини қайд этди.
Ташриф доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан расмий учрашув ўтказади. Суҳбат чоғида икки томонлама ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, Бош котиб Туркман халқи миллий етакчиси, Халқ Маслахати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан алоҳида учрашув ўтказади.
БМТнинг денгизга чиқиш имкони йўқ ривожланаётган давлатлар бўйича Учинчи конференцияси 5-8 август кунлари Авазада бўлиб ўтади. Унда қатор давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчилари ва вакиллари иштирок этади.
Антониу Гутеррешнинг мазкур конференцияда қатнашиши тадбирнинг халқаро аҳамиятини янада оширади ва иштирокчи давлатлар ўртасида ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қайд этилишича, ушбу конференция денгизга чиқиш имкони йўқ ривожланаётган давлатларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга, шунингдек, савдо-иқтисодий соҳада минтақалараро ва халқаро алоқаларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Аввалроқ ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш Алматидаги БМТ минтақавий марказига ташриф буюришган эди.