Биз олдимизга Қозоғистонни замонавий рақамли давлатга айлантириш бўйича улкан мақсад қўйдик — Президент
ASTANА. Кazinform — Алматида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Сунъий интеллектни ривожлантириш кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат раҳбари йиғилишдаги нутқида дунё технологик ўзгаришларнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, ҳозирги ўзгаришларни XIX-XX асрлардаги саноат инқилоби билан таққослаб бўлмайди. Чунки унинг тезлиги ва кўлами шунчалик каттаки, жисмоний воқелик ва рақамли макон ўртасидаги чегаралар йўқолиб бормоқда.
Президент Ҳукуматга рақамли иқтисодиётнинг ЯИМга таъсирини баҳолаш бўйича таклифлар киритишни топширди.
Қасим-Жомарт Тоқаев янги технологик парадигмага ўтиш учун мавжуд вазиятга объектив, реалистик баҳо бериш зарур, деб ҳисоблайди.
– Рақамли иқтисодиёт концепцияси ҳали тўлиқ ишлаб чиқилмаган, мавжуд методология якунланмаган. Ялпи ички маҳсулотни беш фоизга етказиш ҳақида гап кетганда, реал иқтисодиётдаги ўсиш ва инновациялардан олинадиган даромад ўртасидаги фарқни аниқлаш керак. Умумий кўрсаткичлар кўпинча иш самарадорлигини эмас, балки алдамчи манзарани яратади. Шунинг учун бу бизга рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг мамлакат иқтисодиётига қўшган реал ҳиссасини баҳолаш имконини бермайди. Ҳукумат Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда рақамли иқтисодиётнинг ЯИМга таъсирини баҳолаш бўйича таклифлар киритиши керак, — деди Давлат раҳбари.