Бенин Республикаси Ташқи ишлар вазири Қозоғистонга келди
ASTANA. Kazinform – Бенин Республикаси Ташқи ишлар вазири Олушегун Ажади Бакари Қозоғистонга келди.

Қозоғистон ва Бенин Республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2011 йил 13 сентябрда бошланган.

“Сизнинг бугунги тарихдаги илк ташрифингизни мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам, деб биламан. Бу учрашув катта аҳамиятга эга. Сизнинг ташрифингиз мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожига янги суръат бағишлаши шубҳасиз», – деди ҚР Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу меҳмон билан учрашувда.
Бенин Республикаси Ташқи ишлар вазири Қозоғистонга ташрифи чоғида қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишади.
“Мен эришилган барча келишувлар Қозоғистон-Бенин ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишига қатъий ишонаман”, – дея қўшимча қилди ҚР ТИВ раҳбари.

«Бугун Қозоғистон Республикаси пойтахти Астана шаҳрида бўлиш мен учун катта шараф. Биринчи кундан бошлаб бизни илиқ кутиб олганингиз учун жамоам номидан миннатдорчилик билдираман. Бу муносабатларимиз ривожланиб бораётганидан далолатдир», – деди Бенин Республикаси Ташқи ишлар вазири Олушегун Ажади Бакари.
Сўнгра меҳмон Қозоғистонга келишдан мақсади ҳақида гапирди.

«Қозоғистонга келишдан мақсадимиз икки томонлама муносабатлар ривожига туртки беришдир. Қозоғистон ҳақида кўп эшитганман ва бугун шу ерда бўлиш, мамлакат муваффақияти ва фаровонлигини ўз кўзим билан кўриш мен учун катта бахт. Бу Қозоғистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг муваффақиятли фаолияти самарасидир. Сизни ва бутун Қозоғистон халқини ушбу муваффақият билан чин қалбимдан табриклайман”, – деди Бенин Ташқи ишлар вазири.