Барча глобал инқирозларни фақат дипломатия йўли билан ҳал қилиш керак – Тоқаев
ASTANA. Kazinform – Барча глобал инқирозларни фақат дипломатия йўли билан ҳал қилиш керак. Бу ҳақда ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Руанда Президенти Поль Кагаме билан музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнотида маълум қилди.

“Жаноб Поль Кагаме жаҳон сиёсатида катта тажриба ва нуфузга эга Президент. Мулоқот чоғида глобал муаммолар юзасидан фикр алмашдик. Айтиш мумкинки, икки давлатнинг халқаро масалаларда позицияси муштарак. Биз барча глобал инқирозларни фақат дипломатия йўли билан ҳал қилиш керак, деб ҳисоблаймиз. Биз тинч музокаралар тарафдоримиз. Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдик. Биз ташаббусларимизда бир-биримизни қўллаб-қувватлашга келишиб олдик”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари жаноб Кагаменинг Қозоғистонга расмий ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
“Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканимизни тасдиқладик. Бугунги музокаралар натижалари бунинг ёрқин далилидир. Энди бу келишувларни сифат жиҳатидан амалга оширишимиз керак. Жаноб Президент, биз эртага Астана халқаро форумида қатнашамиз. Ушбу муҳим тадбир доирасида икки томонлама, минтақавий ва глобал муаммолар юзасидан фикр алмашиб, самарали ечимларга эришамиз, деб ўйлайман. Доим бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик, муваффақиятларга бирга эришайлик”, – деди ҚР Президенти.