Австралия Тувалу аҳолиси учун махсус иқлим визасини беради

ASTANA. Kazinform — Тувалу аҳолисининг учдан бир қисми архипелаг секин-аста сув остида қолиб бораётгани боис Австралиядан махсус иқлим визасини олиш учун мурожаат қилди. Бу ҳақда Тувалунинг БМТдаги элчиси Тапугао Фолефуга таяниб, Reuters хабар берди.

Австралия
Фото: pixabay

Австралия ва Тувалу архипелаг аҳолиси учун иқлим визасини беришни назарда тутувчи келишувни 2023 йилда имзолаган эди. Энди эса шу турдаги визалар учун ариза бериш имконияти пайдо бўлди ва аллақачон 1124 киши бундан фойдаланди. Ариза берувчилар сони оила аъзолари билан бирга 4052 кишини ташкил этади — Тувалу аҳолиси эса 11 минг кишидан камроқ.

Австралия иқлим визасини олган тувалуликлар мамлакатда яшаш, ишлаш ва ўқиш имкониятига эга бўлади, шунингдек, улар австралияликлар билан бир қаторда соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларидан фойдалана олади. Уларга ҳар йили атиги 280 та виза ажратилади, ариза берганлар ўртасида виза учун лотерея ўтказилади. Фолефунинг таъкидлашича, у «бундай имкониятни кўриб чиқаётган одамлар сони кўплигидан ҳайратга тушган».

Тувалу — майдони 26 километр квадратга етадиган тўққизта кичик атоллдан (ҳалқа шаклидаги маржонлар ороллар) иборат орол давлат бўлиб, у ерда 10,6 минг киши истиқомат қилади. Олимларнинг баҳолашича, глобал исишнинг ҳозирги тенденцияси сақланиб қоладиган бўлса, 2100 йилга бориб мамлакат ҳудудининг 95 фоизи сув остида қолади. Шу билан бирга, айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, архипелаг 2050 йилга бориб яшаш учун яроқсиз бўлиб қолади. 2023 йилда Тувалу ўз конституциясига ўзгартириш киритган бўлиб, унга кўра, агар бутун ҳудуди сув остида қолса ҳам, давлат ўз мавжудлигини давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, Венеция 2150 йилда сув остида қолиши мумкин.

Сўнгги хабарлар