"Ауыл" партияси янги Конституция лойиҳасини референдумга олиб чиқишни таклиф қилди

ASTANА. Кazinform — Мажилис депутати, "Ауыл"(Овул — таҳ.) партияси раиси Серик Егизбаев қозоғистонликларни ўз партияси аъзолари номидан Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Егизбаев
Фото: видеодан кадр

— "Ауыл" партияси Конституция лойиҳасини тушунтириш учун республика ҳудудларида кенг кўламли жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этди. Хусусан, у Қарағанди, Қизилўрда, Шимолий Қозоғистон, Қостанай, Кўкшетау, Чимкент ҳудудлари ва бошқа ҳудудларда аҳоли билан кўплаб учрашувлар ўтказди ва ўтказмоқда. Шу муносабат билан, мен "Ауыл" партияси томонидан таклиф қилинган, жамият учун муҳим деб ҳисобланган бир қатор йўналишлар, жумладан, ҳозирги ва келажак авлодларнинг саломатлиги ва ҳаёти учун жуда муҳим бўлган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларга масъулиятли муносабатда бўлиш тамойиллари Конституция лойиҳасида акс эттирилганини биргаликдаги ишнинг аниқ натижаси деб биламан, — деди у бугунги Конституциявий ислоҳотлар комиссияси йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, қишлоқ аҳолиси Конституция лойиҳасидаги янгиликларни тўғри тушуниб, қабул қилмоқда.

— Муҳокама давомида қишлоқ аҳолиси бу ўзгаришларни нафақат ҳуқуқий нормалар, балки кундалик ҳаётга бевосита таъсир қилувчи реал механизмлар сифатида қабул қилишди. Шу муносабат билан бир муҳим жиҳатни айтиб ўтмоқчиман. Йиғилишларда барча фуқаролар бир овоздан ушбу ҳужжатни умумхалқ қарори билан тасдиқлаш вақти келгани ҳақида фикр билдирдилар. Шунинг учун биз Конституция лойиҳасини умумхалқ референдумига қўйишни таклиф қиламиз. Мен барча ватандошларимизни янги Конституциямизни қўллаб-қувватлашга чақираман, — деди Серик Егизбаев.

Эслатиб ўтамиз, Конституция лойиҳаси бўйича 10 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди.

Сўнгги хабарлар