Астанадан Бокугача: Турк дунёсининг "Силикон водийси"ни яратиш таклиф қилинди

АSTANА.Кazinform - Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси (AK Parti) раиси ўринбосари, Туркий давлатлар билан алоқалар қўмитаси раиси, профессор Куршод Зорлу Озарбайжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган Турк дунёсининг IV халқаро муҳандислик саммитида Турк дунёсининг ягона технологик маконини яратиш таклифини билдирди, деб хабар беради Аnadolu.

Куршод Зорлу
Фото: aa.com.tr

— Мен барча муассаса ва ташкилотларимизнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва Турк дунёсининг "Силикон водийси"ни яратишни таклиф қиламан. Астанадан Бокугача, Тошкентдан Истанбулгача, Будапештдан Никосиягача чўзилган бу технологик камар Made in Türk dünyası — "Турк дунёсида ишлаб чиқарилган" ёрлиғи билан тан олиниши керак, — деди у.

Тадбирдан сўнг К. Зорлу журналистларга 15 май куни Туркистонда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити бўлиб ўтишини ва у "Рақамли ривожланиш ва сунъий интеллект" мавзуси остида ташкил этилишини айтди.

— Турк дунёси иқтисодиёти ва 30 дан ортиқ соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш учун рақамли соҳада интеграцияни кучайтириш зарур. Ушбу тушунча асосида Туркий давлатлар ташкилоти ҳам бу йўналишдаги ишларини тезлаштиради, — деди Зорлу.

Эслатиб ўтамиз, Туркий давлатлар Туркистон саммити олдидан интеграцияни мустаҳкамлашга эътибор қаратди.