Астанада уч ойлик чақалоқнинг миясидаги гигант ўсмани муваффақиятли олиб ташлашди
ASTANA. Kazinform – Энг мураккаб операциялардан бири Қозоғистон Миллий нейрохирургия маркази шифокорлари томонидан амалга оширилди.

ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, чақалоқ соғлом туғилган, аммо икки ойлик бўлганда хавотирли белгилар пайдо бўлган — тез-тез қусиш, она сутидан воз кечиш, терида кўкариш ва безовталик. Текширув натижасида чақалоқнинг бошида суюқлик тўпланиши аниқланган. МРТ таҳлили функционал жиҳатдан муҳим бўлган мия соҳасида 5,6 × 4,2 см ўлчамдаги ўсмани кўрсатди.
Нейрохирурглар Дмитрий Сурдин, Алибек Жарасов ва Асилбек Қалиев билан маслаҳатдан сўнг, шошилинч операция ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Болалар нейрохирургияси бўлими мудири, профессор Ғабит Ўленбайнинг сўзларига кўра, ўсма миянинг деярли ярмини эгаллаган ва асоратлар хавфи жуда юқори бўлган. Шунингдек, жамоавий иш, замонавий ускуналар ва микрожарроҳлик усуллари ёрдамида операция муваффақиятли ўтказилди.
Ҳозирда чақалоқнинг аҳволи барқарорлашган, ижобий динамика кузатилмоқда.

Қизалоқнинг онаси шифокорларга қизини ҳаётда сақлаб қолгани учун миннатдорчилик билдирди ва бўлган воқеани “ҳақиқий мўъжиза” деб атади.