Астанада уч кунлик халқаро от спорти мусобақалари якунланди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон пойтахтидаги «Арғимақ» от спорти мажмуасида конкур бўйича Евроосиё Лигаси Жаҳон кубоги босқичи (FEI CSI 1*-W) ва от спорти бўйича халқаро турнир (FEI CDI 1*) ўз ниҳоясига етди.

Қозоғистон От спорти федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур мусобақада Арманистон, Гуржистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан 60 га яқин спортчи иштирок этиб, маҳоратларини намойиш этишди. Ушбу мусобақаларда Жаҳон кубоги ва халқаро турнирларнинг олдинги босқич ғолиблари ҳамда Евроосиё Лигасининг энг яхши дебютант чавандозлари қатнашди.

Мусобақанинг аҳамиятини янада оширадиган жиҳат – Евроосиё Лигаси доирасидаги конкур бўйича Жаҳон кубоги босқичи Астанада сўнгги 10 йил ичида илк бор ташкил этилди. Шунингдек, Астана тарихида илк марта от спорти бўйича халқаро турнир ўтказилди. Бу Қозоғистонда ушбу спорт турининг ривожига янги туртки берди.
“Қозоғистон учун от спорти шунчаки мусобақа эмас, балки миллий меросимизнинг бир қисми ва уни жаҳон саҳнасига олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бизнинг мақсадимиз – мамлакатимизнинг халқаро мусобақалардаги мавқеини мустаҳкамлаш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, янги спортчиларни жалб этиш, уч сайис, тўсиқлардан сакраш, эркин юриш ва бошқа турларни кенг тарғиб этишдан иборат. Бу турдаги мусобақалар инфратузилмани ривожлантиришга, спорт туризми ўсишига, ёшларни спортга қизиқтиришга ва энг муҳими – рақобатбардош от спорти мактабини шакллантиришга хизмат қилади”, – деди Қозоғистон От спорти федерацияси президенти Рустам Баялиев.


Maxima Masters Eurasia кичик жамоавий кубоги – конкур 130 см (2 босқич):
1-ўрин – Қозоғистон терма жамоаси
2-ўрин – Ўзбекистон терма жамоаси
3-ўрин – Қирғизистон терма жамоаси
Гран-при – Евроосиё Лигаси Жаҳон кубоги босқичи, конкур 160 см:
1-ўрин – Камиль Сабитов (Қирғизистон)
2-ўрин – Ринат Галимов (Қирғизистон)
3-ўрин – Хуршидбек Олимжонов (Ўзбекистон)
Мусобақа ёпилиши маросимида Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов халқаро мусобақаларнинг мамлакат учун аҳамиятини қайд этиб, спортчилар ва ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди.

Халқаро тоифали ҳакамлар мусобақалар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берганини таъкидлашди.
Уч кунлик мусобақада ўзбекистонлик Хуршудбек Олимжонов, Бекзод Қурбонов, Алина Шевцова, Алена Деревянко, қирғизистонлик Камиль Сабитов, Ринат Галимов, Екатерина Каркавцева, россиялик Ксения Хайрулина, арманистонлик Виген Констандян, грузиялик Георгий Тохнадзе ҳамда Қозоғистон термасидан Олег Соколенко, Нурила Турысбекова, Бекжан Байжанули, Дайана Онаева, Раиса Соколенко каби спортчиларнинг натижалари алоҳида эътироф этилди.
Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси – 24 000 АҚШ доллари.