Астана ва Будапешт ўртасида тўғридан-тўғри рейслар тикланиши мумкин

ASTANA.Kazinform — Қозоғистон Венгрия университетлари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр. Бу ҳақда Ақордада мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Венгрия Президенти Тамаш Шуйок билан музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.

самолёт
Фото: wikipedia.org

“Жорий йилда Будапештдан Чимкентга тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди. Энди биз икки давлат пойтахтлари ўртасида ҳаво қатновларини қайта йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдик. Мулоқот чоғида биз иқтисодиётга сунъий интеллект ва рақамли технологияларни оммавий жорий этиш муҳимлигини таъкидладик. Шу муносабат билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканимизни билдирдик. Бундан ташқари, молия соҳасига оид инновацион лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик. Умуман олганда, мен Қозоғистонда ишлаш истагида бўлган венгрия компаниялари учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр эканимизни билдирдим. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ва икки давлат ишбилармонлар кенгаши бу масалага алоҳида эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайман”, – деди Давлат раҳбари.

Президент маданий-гуманитар алоқалар Қозоғистон-Венгрия муносабатларининг олтин йўлагини ташкил этишини алоҳида таъкидлади.

“Бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис маданият, таълим, фан соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдик. Айни пайтда Венгриянинг энг яхши университетларида мингдан ортиқ қозоғистонлик талаба таҳсил олмоқда. Бунинг учун Венгрия ҳукуматига самимий миннатдорчилигимни билдираман. Биз ушбу мамлакат университетлари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрмиз”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Таъкидлаш жоизки, венгриялик ҳамкасби билан кенгайтирилган таркибдаги музокаралар чоғида Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятида бўлган венгриялик тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини маълум қилган эди.

Сўнгги хабарлар