Астана шаҳрида пара хоккей бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади
Қозоғистон пойтахтидаги “Тарлан” муз майдонида 6-11 октябрь кунлари Astana 2023 World Championship B-Pool мусобақаси бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform шаҳар маъмурияти расмий сайтига таяниб.

Мусобақада Қозоғистон, Словакия, Швеция, Япония, Финляндия ва Буюк Британия жамоалари иштирок этиши режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, следж-хоккей бўйича Қозоғистон миллий терма жамоаси ўтган йили «С-Pool» бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиб, “В” гуруҳига йўлланма олган эди.
“Биз «B-Pоol» мусобақасида илк бор иштирок этмоқдамиз. Астана жамоаси хоккейчилари ўтган мавсумда Таиландда бўлиб ўтган «C-Pоol» жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаганларидан кейин шундай имкониятга эга бўлишди. Умуман олганда, биз Қозоғистонда пара хоккейни ривожлантириш дастурини атиги беш йил аввал бошлаган эдик. Ўшандан бери у маҳаллий ҳомийлар ва ташкилотларнинг эътиборини ўзига қаратиб, терма жамоани шакллантиришда ёрдам берди. Пара хоккей бўйича «B-Pоol» жаҳон чемпионати тўққизинчи, Осиёда учинчи бор ўтказилади”, – деди жамоа аъзоси Қайрат Сабиров.