Ассамблея бирлик ва тенглик, барқарорлик ва тинчлик тимсолига айланди – ҚР Президенти
ASTANA. Kazinform – Ассамблея бирлик ва тенглик, барқарорлик ва тинчлик тимсолига айланди. Бу ҳақда Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ХХХІV сессиясида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев айтиб ўтди.

“Бугунги учрашув алоҳида тарихий аҳамиятга эга. Бу йил Қозоғистон халқи Ассамблеяси ташкил этилганига 30 йил тўлди. Ҳаммани табриклайман! Бу бутун Қозоғистон учун муҳим воқеа. Ассамблея бу даврда жамиятда барқарорлик ва тотувликни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди. Бу юртимиздаги бирлик ва тенглик, барқарорлик ва тинчлик тимсолига айланди. У миллатлараро муносабатлар соҳасида тенгсиз давлат институти сифатида эътироф этилди. Бунинг шарофати билан Қозоғистонда тинчлик ва тотувликнинг ўзига хос модели шаклланди. Ассамблея тарихи мамлакатимиз суверенитети йилномалари билан чамбарчас боғлиқ. Хабарингиз бор, ташкилот 1995 йилда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан ташкил этилган. Бу ташаббус Қозоғистон давлатчилиги шаклланаётган мураккаб бир даврда чуқур сиёсий аҳамиятга эга”, – деди Давлат раҳбари.
Президент консультатив-маслаҳат органи сифатида ташкил этилган Ассамблеяга 2007 йилда конституциявий мақом берилгани, мазкур ташкилот миллий бирдамликнинг бош моделига айланганини таъкидлади.
“Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар туфайли Ассамблея фаолияти янгича ижодий тус олди. Сенатнинг беш нафар аъзоси Ассамблея Кенгаши тавсиясига кўра Президент томонидан тайинланади. Бу қадам барча этник гуруҳлар манфаатларини қонунчилик даражасида ҳимоя қилиш имкониятларини сезиларли даражада оширди. Бундан ташқари, Қозоғистон парламентаризми тарихида илк бор “Бир давлат, бир манфаат” деб номланган палаталараро депутатлар гуруҳи тузилди. Бу гуруҳ ижтимоий тотувликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Эндиликда барча давлат органлари Ассамблея ишида иштирок этмоқда. Вазирликлар, вилоятлар ҳокимликлари ва барча даражадаги маслихатлардан тортиб қишлоқлар ҳокимликларигача ҳеч ким четда қолмади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.