Амнистия: Қамоқдан чиққанларга қандай ёрдам кўрсатилади

ASTANА. Kazinform – Мамлакатда жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилиш масаласи анчадан бери муҳокама қилиниб келинмоқда. Жумладан, судланганларни жамиятга мослаштириш, уларни қайта тарбиялаш бўйича комплекс режа зарурлиги ҳақида тез-тез эшитамиз. Конституциянинг 30 йиллиги муносабати билан минглаб фуқаролар амнистия қилинишини инобатга олсак, бу мавзу ҳамон долзарблигича қолмоқда. Ҳукумат қамоқдан чиққанларга қандай ёрдам беради, қамоқдан чиққан уйсизларга ёрдам борми? Kazinform агентлигининг таҳлилий шарҳловчиси саволга жавоб излади.

амнистия
Коллаж: Kazinform / Obk.kz / Freepik

15 мингдан ортиқ одам муддатидан олдин озод қилинади

23 июнь куни Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев “Судланганларга амнистия эълон қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжатга кўра, 15 мингдан ортиқ киши авф этилиши мумкин: улардан икки минг нафари озодликка чиқарилади, қолганларининг жазо муддати қисқартирилади. Ҳозирча амнистия енгил ва ўртача оғирликдаги жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан кўзда тутилгани маълум. Болали аёллар, қариялар ва вояга етмаганларга устуворлик берилиши тахмин қилинмоқда. Шунингдек, маҳкумнинг жазо муддати 15 йилдан ошмаслиги керак.

Аммо коррупцияга йўл қўйган, давлат сирини ошкор қилган, оғир ва ўта оғир жиноят содир этган шахсларда бундай имконият йўқ. Айни пайтда жазони ижро этиш тизимида 40 мингдан ортиқ шахс озодликдан маҳрум этилган бўлиб, уларнинг 92 фоизи оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган. Шу боис, судланганларнинг атиги 8 фоизи озодликка чиқиш имкониятидан фойдаланиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, расмийлар бундан аввал ҳам бир неча бор амнистиядан фойдаланган. Минглаб одамлар муҳим давлат саналари арафасида озод этилганини биламиз. Бир томондан, бу қамоқхоналардаги юкламани камайтириш ва бюджет юкламасини енгиллаштиришнинг ажралмас усули эди. Бундан ташқари, бу аёллар ва вояга етмаганлар учун имконият яратиш усулига айланди.

Мажилис депутати Абзал Қуспаннинг фикрича, бу гал амнистия қилинганлар сони аввалги ҳолатларга қараганда анча кўп бўлади ва бу давлат тарихидаги катта қадам бўлади.

Абзал Қуспан
Фото: Ағибай Аяпбергенов / Кazinform

“Ушбу амнистия ҳар учинчи шахс, ҳатто ундан ҳам кўпроғига қўлланилади.Охирги тўртта амнистия ҳақида сўзлаб берсам, 2006 йилда Мустақиллик байрами муносабати билан 5579 киши амнистия қилинган.2012 йилда Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги муносабати билан 3702 нафар шахс авф этилди. Мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан 2021 йилда 2470 нафар шахс амнистия қилинди. Эндиликда мазкур амнистия тўғрисидаги қонуннинг ўзига хос жиҳати шундаки, у илгари эълон қилинган қонунларга қараганда анча кўп фуқароларни қамраб олади", - дея таъкидлади депутат.

Ҳозир амнистия қилинганлар озодликка чиқарилмоқда. Ҳар бир ҳудудда кўрсаткичлар ҳар хил. Масалан, Ақмола вилоятида - 500, Қостанай вилоятида - 300, Ақтўбе вилоятида - 200, Туркистон вилояти ва Чимкентда - 675, Шарқий Қозоғистон вилоятида - 405, Қарағанди ва Улитау вилоятларида - 700 киши афв этилади.

Бундан ташқари, масъул вазирлик соғлиғи ёмон бўлган маҳкумлар орасида ўлим даражасини камайтиришни мақсад қилган. Бунинг учун у оғир хасталикка чалинган маҳкумларни қамоқдан озод қилиш имконини берувчи касалликлар рўйхатини кенгайтирмоқчи.

Мураккаб ўзгаришлар бир неча босқичларга бўлинади. Биринчидан, муддатидан олдин озодликка чиқиш тавсия этилган маҳкумларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби янгиланади. Кейин жазони ўташдан озод қилиш учун асос бўлган касалликлар рўйхати қайта кўриб чиқилади. Рўйхатга аллақачон сурункали буйрак касаллиги, жигар циррозининг ривожланган шакллари ва гормонга боғлиқ бўлган оғир ўпка касалликлари мавжуд.

– Мазкур ўзгартиришлар оғир хасталикка чалинган маҳкумларни жазодан озод этиш масаласини кўриб чиқиш, яъни махсус тиббий комиссияга юбориш имконини беради. Ваҳоланки, маҳкумларнинг охирги касалликлар рўйхатига кўра, жазодан озод қилиш тўғрисидаги якуний қарор фақат суд томонидан қабул қилинади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий ёрдамни ташкил этиш бошқармаси бош эксперти Еркин Боранқулов.

Кўп одамлар қайта жиноят қилишади

Умуман олганда, ҳар йили 10 мингга яқин фуқаро озодликка чиқарилади. Бу йил амнистия қилинганларни ҳам қўшадиган бўлсак, статистика 15 минг кишига етади. Бундай ижтимоий гуруҳни жамиятга мослаштириш, психологик ва молиявий ёрдам кўрсатиш осон эмас. Қолаверса, жиноят содир этган шахсларга нисбатан муносабат ранг-баранг, “бошқа дунёдан” келганларни меҳнат бозорида четлатиш жараёни ҳамон давом этмоқда.

Оқибатда жамиятдан кўмак ва пул олмаган кўплаб одамлар яна жиноят содир этишган. Айрим манбаларга кўра, қамоққа жўнатилганларнинг 33 фоизи аввалроқ қамоқда бўлган. Оммавий ахборот воситаларига берган фикрича, ҳуқуқшунос Айгул Оринбек бунинг сабабини мослашув жараёнидаги камчиликлар ва ишсизлик муаммосидан излаган.

"Афсуски, яна жиноят содир этиш статистикамизда тез-тез учраб туради. Қайта ижтимоийлашув, иш йўқ, стигма бор. Гарчи "маҳкум" деган белги паспортда бўлмаса-да, жамиятда. Амнистия билан озодликка чиққан одам эса назоратсиз қолса, жиноятга қайтади", - дейди эксперт.

қамоқхона
Коллаж: Kazinform

Сўнгги йилларда Ҳукумат бу борадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар кўрмоқда. Махсус ўқув курслари ташкил этиш, моддий ёрдам кўрсатиш каби ташаббусларни амалга ошириб келмоқда. Бундан ташқари, “Амнистия тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан озодликдан маҳрум этилган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Шундай экан, жазони ўтаб бўлганлар озодликка чиқиши биланоқ тегишли ёрдам олиш ҳуқуқига эга, бунинг учун ўз ҳудудидаги “Меҳнат ҳаракатчанлиги маркази”га мурожаат қилиш кифоя.

— Озодликка чиққандан сўнг бизга келиб, 15 БҲМ миқдорида нафақа олиш мумкин. Бундан ташқари, агар ахлоқ тузатиш муассасаларида ишлаган бўлса, 6 ойгача нафақа олиши мумкин, шунингдек, мутахассислиги бўйича ишлашни таклиф қиламиз. Расмий равишда ишга жойлаштирамиз, мутахассислиги бўлмаса, 4 ойлик курсларга юборамиз, – дейди “Меҳнат ҳаракатчанлиги маркази”нинг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан ишлаш бўлими мутахассиси Ақшолпан Асанова.

Бугунги кунда жазо муддатини ўтаган шахсларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи нодавлат ташкилотлар кўпайиб бормоқда. Улар мослашиш ва ижтимоийлаштириш доирасида маслаҳат бериш билан шуғулланадилар. Буларнинг барчаси расмиятчиликдек кўринса-да, қамоқдан чиққанларга зудлик билан психологик ёрдам керак.

Бироқ жазони ўтаб бўлганлар дарров қаровсиз қолади, дейишга ҳали эрта. Давлат пробация хизмати орқали озодликка чиққанларни назорат қилади ва уларга зарур ёрдам кўрсатади. Ушбу хизматнинг тармоқларидан бири – пенитенциардан кейинги пробация уларни ушбу тоифага киритиш вазифасини бажариши шарт. Улар нима қилишни, қаерга боришни билмайдиганларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатмоқда. Шунингдек, бу уларнинг ҳужжатларини тиклаш ва тиббий ёрдам олишларини таъминлашга ёрдам беради.

Вақтинчалик бошпаналар вақтинчалик ечимми

Давлат махсус марказларда яшаш учун жойи йўқ одамларга моддий ва психологик ёрдам кўрсатишга мажбурдир. Бу “Амнистия тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилган. Шу муносабат билан уйсиз қолганларга вақтинчалик бошпаналардан жой ажратилмоқда. Яъни, қулай, шинам жой тақдим этилади. Улар муаммони ҳал қилмагунча ва қийинчиликларни енгмагунча қолиши мумкин.

Сўнгги йилларда бундай марказларнинг етишмаслиги яққол кўзга ташланди. Амнистия ҳақидаги хабар тарқалиши биланоқ “Бошпанасизларга қаердан бошпана топамиз?” деган савол туғилади. Орадан кўп ўтмай, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг вақтинчалик бошпаналарни кўпайтириш бўйича буйруғи чиқди ва бу саволга жавоб топилгандек бўлди.

қамоқхонадан чиққанлар учун бошпана
Фото: www.istockphoto.com

Шундай қилиб, жазони ўташдан озод қилинганлар ва пробация хизматида рўйхатга олинган шахсларни вақтинча жойлаштириш ташкилотлари сони кўпайди. Ҳужжатга кўра, марказлар аҳоли сони 50 минг нафардан ортиқ бўлган аҳоли пунктлари, туманлар ва қишлоқ туманларида ташкил этилади. Ташкилотларга бўлган эҳтиёж маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан аниқлаб берилади.

Конституция куни арафасида озод этилган фуқароларнинг тақдири уларнинг кейинги ижтимоийлашувига боғлиқ. Мутахассислар соҳада моддий ёрдам ва бандлик чораларини яхшилашни тавсия қилади. Қолаверса, муҳим сана арафасида йиллар давомида тўпланиб келаётган муаммони ҳал этиш муҳимдир.

Сўнгги хабарлар