Алмати вилоятида Дўстлик уйи қурилиши керак
ASTANA. Kazinform – Алмати вилоятида “Дўстлик уйи” қурилиши керак. Бу ҳақда Қозоғистон халқи ассамблеясининг XXXIV сессиясида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев айтиб ўтди.

“Ассамблея ҳудудлардаги ишларни жонлантириши керак. Ўтган йили мамлакатимизнинг маънавий, тарихий ва маданий маркази Туркистонда янги “Дўстлик уйи” фойдаланишга топширилди. Энди шундай Дўстлик уйини аҳоли зич жойлашган Алмати вилоятида қуриш керак. Бу бино вилоят ижтимоий ҳаёти учун жуда муҳим марказ бўлади. Турли миллат вакиллари яшайдиган Қордай, Уйғур, Сайрам, Панфилов ва бошқа туманларда мажлислар очилиши керак. Шунингдек, яна бир қанча шаҳар ва туман марказларида Дўстлик уйлари очилиши режалаштирилган. Мен бу ташаббусни қўллаб-қувватлайман”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари ижтимоий тотувлик инфратузилмасини босқичма-босқич кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
“Барча ҳудудлардаги Дўстлик уйларини фуқароларимиз, керак бўлса, хорижлик меҳмонлар ташриф буюрадиган туристик йўналишлар харитасига киритиш зарур. Ваколатли идоралар раҳбарлари ва ҳокимлар Ассамблеянинг этномедиация соҳасидаги фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватласин”, - деди Президент.
Пойтахтдаги Мустақиллик саройида Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 34-сессияси Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида бўлиб ўтмоқда.