Алмати шаҳрида қизамиқ билан касалланганлар сони 13 баробар камайди
АLMATY. Кazinform — Алмати шаҳар санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи Қасимхан Алписбайули қизамиқ инфекциясининг асосий сабабларини айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Алмати шаҳрида 2025 йилнинг 7 ойида қизамиқ билан касалланиш бўйича 263 та ҳолат қайд этилган бўлса, ўтган йилнинг мос даврида 3296 та ҳолат қайд этилган. Яъни инфекция даражаси 12,8 баробарга камайди.
— Касалланганлар орасида 14 ёшгача бўлган болалар улуши 87,5% (230 та), ўсмирлар — 1,1% (3 та ҳолат), катталар — 11,4% (30 та ҳолат). Касаллик, асосан, эмлашдан бош тортган, тиббий жиҳатдан эмлашдан озод қилинган, ёшга тўлмаганлиги сабабли эмланмаган болалар ва эмлаш ҳолати номаълум бўлган катталар орасида қайд этилган. Қизамиқ билан касалланган 263 кишидан 226 нафари эмланмаган, — деди Қасимхан Алписбайули.
Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 7 ойида шаҳардаги тиббиёт муассасаларида 19 минг 551 нафар бола биринчи марта қизамиқ касаллигига қарши эмланган.
— Эмлаш учун ЖССТ томонидан сертификатланган ва Қозоғистон Республикасида рўйхатдан ўтган қизамиқ, қизилча ва паротитга қарши комбинацияланган вакцина қўлланилади. Режали эмлаш яшаш жойидаги поликлиникаларнинг барча эмлаш хоналарида эмлашни ўтказишга рухсатномаси бўлган малакали (тажрибали) тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади, — деди бошқарма бошлиғи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вакцинация бўйича ўтказилган тадқиқот ҳақида хабар берган эдик.