АҚШнинг ЖССТдан чиқиши кейинги эпидемияга қарши курашни мураккаблаштиради
ASTANA. Kazinform – АҚШнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиши навбатдаги эпидемияга қарши курашни мураккаблаштиради. Жоржтаун университетининг соғлиқни сақлаш қонуни бўйича эксперти Лоуренс Гостин ҳам шундай фикрда, деб хабар беради Кazinform агентлигининг Вашингтондаги мухбири.

ЖССТ мақсади
1948 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таркибида ташкил этилган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бугунги кунда 194 давлатни ўз ичига олади. Улар дунёдаги аҳоли саломатлигининг энг мураккаб муаммоларини ҳал қилишда биргаликда ҳаракат қилмоқдалар. Буларга COVID-19, Зика ва Эбола вируслари, чечак, полиомиелит, юрак касалликлари, диабет ва саратон киради. Бундан ташқари, ЖССТ вакциналарни етказиб беради, мамлакатнинг турли минтақаларида камбағалларга ва уруш қурбонларига ёрдам беради ва техник кўрсатмалар беради.
АҚШнинг ташкилотдаги иштироки
Америка ташкилотнинг энг йирик донорларидан биридир. ЖССТ томонидан эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ 2022-2023 йилларда, яъни 2 йиллик даврда ташкилот бюджетига 1,28 миллиард доллар сармоя киритган. Шундан 218,5 миллион доллари мажбурий, 1,02 миллиард доллари эса ихтиёрий бадал ҳисобланади. Шунингдек, 46,7 миллион доллар фавқулодда вазиятларда ажратмалар шаклида захира фондига киритилди. Таққослаш учун, Хитой шу икки йиллик даврда ташкилот бюджетига жами 157 миллион доллар ажратган. Унинг мажбурий ҳиссаси 115 миллион долларни ташкил қилади.
ЖССТнинг 202-2023 йилларга мўлжалланган умумий тасдиқланган бюджети 10,4 миллиард долларни ташкил этди. АҚШ улуши эса 12,3 фоизни ташкил қилади.

Президент Дональд Трампнинг фармонида АҚШнинг халқаро ташкилотдан чиқишига “ЖССТнинг COVID-19 эпидемияси билан тўғри кураша олмаслиги”, “шошилинч зарур ислоҳотларни амалга ошира олмаслиги”, шунингдек, агентлик Қўшма Штатлардан Хитой каби бошқа аъзо давлатларга нисбатан "ноҳақ тўлов" талаб қилмоқда.
Ёдингизда бўлса, 2020 йил июль ойида Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиш бўйича биринчи қадамни расман қўйган эди. Бироқ 2021 йилнинг 20 январида АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден мамлакатнинг ташкилотдан чиқишини назарда тутувчи қонун лойиҳасининг кучга киришига тўсқинлик қилди.
Қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Берклидаги Калифорния университети жамоат саломатлиги мактабининг сиёсат ва менежмент профессори Стефано Бертоцци (ЖССТнинг ОИТСга қарши глобал дастурининг собиқ директори вазифасини бажарувчи – таҳр.) АҚШнинг ЖССТдан чиқишини “АҚШ ва бутун дунё учун фожиа” деб атади.
Унинг фикрича, АҚШ соғлиқни сақлаш соҳасига глобал таҳдидни тўхтатиш учун бутун дунё мамлакатлари билан самарали ҳамкорлик қилиш қобилиятини пасайтирмоқда. COVID-19 эпидемияси чегараларни кесиб ўтувчи кўплаб юқумли таҳдидлардан хавфсиз бўлишнинг ва ўзингизни дунёдан изоляция қилишнинг иложи йўқлигини кўрсатди.
“Қўшма Штатларнинг ЖССТдан чиқиши нафақат барча иштирокчиларга, балки америкаликларнинг ўзига ҳам катта йўқотишлар олиб келади. Айни дамда Америка ЖССТда қарор қабул қилиш учун энг кўп овозга эга ва бу имкониятдан маҳрум бўлади”, – дея қайд этади Стефано Бертоцци.
Шу билан бирга, профессор АҚШнинг ёрдамини йўқотиши ЖССТ учун катта зарба бўлишини таъкидлайди.
“АҚШ энг катта донор. Ҳозирги вақтда ЖССТ бюджетидаги йўқотишларни қоплаш учун бошқа кўплаб мамлакатлардан маблағ талаб қилинади. Чунки унинг иши жуда муҳим. АҚШ ўз улушини тўҳтатиш ўрнига, ЖССТнинг кўплаб соҳаларда салоҳиятини ривожлантиришга катта ёрдам бериши керак эди”, – деб ҳисоблайди маърузачи.
Жоржтаун университетининг соғлиқни сақлаш қонуни бўйича эксперти Лоуренс Гостин фикрича, Қўшма Штатларнинг ЖССТдан чиқиши жамоат саломатлиги учун "оғир яра", аммо "Америка миллий манфаатлари учун янада чуқурроқ яра" бўлади.
Шу билан бирга, у АҚШнинг ташкилотни тарк этиши учун маълум вақт кераклигини даъво қилмоқда.

“Агентлик ташкил этилганда Конгресс томонидан қабул қилинган қўшма резолюцияга кўра, Америка Қўшма Штатлари ташкилотдан чиқиш тўғрисида 1 йил олдин хабардор қилиши ва жорий молиявий йил учун агентлик олдидаги молиявий мажбуриятини тўлаши керак. Қўшма Штатларнинг ЖССТдан чиқиши эса мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳасида жаҳон етакчиси сифатидаги мавқеини заифлаштиради ва навбатдаги эпидемияга қарши курашни мураккаблаштиради”, – деди Лоуренс Гостин.
Жонс Хопкинс университетининг Халқаро саломатлик ва тиббиёт кафедраси доктори Жад Уолсон фикрича, ташкилот АҚШсиз жиддий муаммоларга дуч келади.
"Ташкилот аллақачон молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда ва Қўшма Штатларнинг чиқиши иш ўринларининг йўқолишига ва қисқаришига, ташкилотнинг кенг кўламли фаолиятини амалга ошириш қобилиятининг пасайишига олиб келади", – деб таъкидлайди у.
Ҳозирги вақтда АҚШ ЖССТ жараёнининг барча босқичларида, хавфни баҳолашдан то ташкилот ичида қарор қабул қилишгача муҳим рол ўйнайди.
“Ташкилотдан чиқиш Америка халқи учун жуда қимматга тушади. Дунёда хавфли касаллик юзага келса, Қўшма Штатлар бу ҳақда олдиндан маълумот ололмайди. Шу билан бирга, керакли маълумотларга кириш қобилияти таъсир қилади. Мамлакат овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Шунинг учун у хавфнинг олдини олиш ва даволаш стратегияларидан фойдаланиш бўйича қабул қилинадиган қарорга таъсир қила олмайди. Янги пайдо бўлган патогенлар ҳақида маълумотга эга бўлмаслик вакциналар ёки бошқа даволаш усулларини ишлаб чиқишни қийинлаштиради. АҚШнинг ЖССТ давлатлари билан кейинги ўзаро ҳамкорлиги уларнинг дўстона муносабатларига боғлиқ бўлади”, – деди АҚШ учун хавфларни санаб ўтган Жад Уолсон.
Барча экспертлар АҚШ ташкилотдан чиққан тақдирда ҳам молиявий мажбуриятларини 1 йил давомида бажаришини таъкидламоқда. Шу боис, бу йил дипломатик каналлар орқали ЖССТ муаммоларини ҳал қилиш ва ташкилотни мустаҳкамлаш бўйича аниқ режа ишлаб чиқишга умид бор.
Шу фонда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус турли мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарларини Вашингтон халқаро ташкилот сафига қайтиши учун АҚШга таъсир ўтказишга чақирди. Унинг қайд этишича, ташкилотнинг Яқин Шарқ, Украина ва Судандаги фаолияти молиявий муаммолар туфайли таҳдид остида қолиши мумкин.