АҚШнинг рекорд даражадаги миллий қарзи жаҳон иқтисодиётига қандай таъсир қилади

АҚШнинг давлат қарзи йилдан-йилга ортиб бормоқда, бугунги кунда унинг миқдори 34,2 триллион доллардан ошади. Бироқ, бундай катта қарз мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига тўсқинлик қилмайди, бироқ оқибатлари келажакда жиддий бўлиши ажабланарли эмас. Қарзнинг тез ўсиши АҚШ ва жаҳон иқтисодиётига қандай таъсир қилишини Kazinform мухбири аниқлади.

АҚШ
Фото: Midjourney

Ҳукумат даромаддан кўра кўпроқ харажатларга эга

Давлат қарзи АҚШ иқтисодиётига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатади. Салбий оқибатлар: биринчидан, АҚШ ҳукумати ўз даромадидан кўпроқ маблағ сарфлайди. 2023 молия йилида АҚШнинг жами давлат харажатлари 6,13 триллион долларни, даромади эса 4,44 триллион долларни ташкил этди. Яъни 1,69 триллион доллар дефицитга олиб келди, бу ўтган молия йилига нисбатан 320 миллиард долларга кўпдир.

2001 йилдан бери федерал ҳукуматнинг бюджет тақчиллиги ҳар йили 1 триллион доллардан ошди, бу эса АҚШ давлат қарзининг ошишига олиб келди. Келгуси ўн йил ичида бюджет тақчиллиги сезиларли даражада ошиши ва 2033 йилда 2,7 триллион долларга етиши башорат қилинмоқда.

Кейинги 50 йилда бюджет профицити (даромадлар харажатлардан ошиб кетганда – таҳр.) бор-йўғи беш марта қайд этилган, охирги марта бундай ҳолат 2001 йилда кузатилган эди.

Иккинчидан, давлат қарзининг нархи ошиб бормоқда, бу эса бошқа муҳим ижтимоий дастурлар учун маблағ етишмаслигига олиб келиши мумкин.Қарз харажатларини қоплаш учун Федерал ҳукумат энг катта маблағни сарфлайди. 2023 йилда бу харажатлар 879 миллиард долларни ташкил этди, яъни бу барча бюджет харажатларининг 14 фоизини ташкил этади. 2022 йилда бу кўрсаткич 717 миллиард долларни ташкил этган.

Конгресснинг Бюджет бюроси маълумотларига кўра, 2029 йилга бориб АҚШ қарзи мудофаа харажатларидан ошиб кетади ва 1 триллион долларга етиши мумкин.

- Шу пайтгача Вашингтон битмас-туганмас ресурсларга эга бой одам каби, пулини ҳисоб-китоб қилмасдан сарфлаб келган. Бироқ, “сувнинг ҳам сўрови бор”лигини унутмаслик керак”, - дейди Лойола Мэримоунт университетининг иқтисод профессори Сунг Вон Сон.

Вашингтон қарз олиш учун давлат облигацияларини чиқаради

Давлат қарзининг ижобий томонига келадиган бўлсак, энди АҚШ ундан да кўпроқ қарз олиши мумкин. Пул етишмаслигини қоплаш учун Вашингтон давлат облигацияларини чиқариш орқали қарз олади. Унга АҚШ Молия вазирлиги (Department of Treasury - таҳр.) томонидан эмиссия чиқарилади, шунинг учун бу қимматли қоғозлар "хазина" ёки "трежерис" деб аталади. Қимматли қоғозлар АҚШ биржаларида, очиқ бозорларда сотилади, уларни ҳар ким сотиб олиши ва шу орқали Америка ғазнасини "қўллаб-қувватлаши" мумкин.

Бироқ шуни таъкидлаш керакки, давлат қарзининг чегараси бор. 1960 йилдан бери Конгресс ушбу чегарани, яъни давлат қарзининг максимал қийматини 78 марта ўзгартирган экан. Охирги марта бу чеклов 2021 йилда оширилган экан. Умумий қарз лимити республикачи президентлар даврида 49 марта, демократ президентлар даврида эса 29 марта ўзгарган.

АҚШ
Фото: Midjourney

Бу борада ўтган йили алоҳида воқеа бўлди. 2023 йил 19 январда АҚШ ғазначилиги давлат қарзи чегарасига, яъни 31,4 триллион долларга етди (2021 йилда белгиланган мақсад – таҳр.). Республикачилар партия вакиллари ва демократлар ўртасида 3 ой давом этган баҳс-мунозарадан сўнг, ўтган йилнинг 3 июнида конгрессменлар АҚШ давлат қарзини 2025 йил январигача тўхтатиб туришга қарор қилган эди.Бошқача айтганда, сиёсатчилар бу масаланинг ечимини 2024 йилги сайловда ғалаба қозонадиган янги президентга қолдирмоқда.

Дарҳақиқат, Ғазначилик департаменти керакли даражада қарз олиш имкониятига эга бўлди. 2025 йил январь ойида давлат қарзи даражаси қаерда тўхтаб қолса, бир хил бўлиши тахмин қилинмоқда.

Қарз қанча кўп бўлса, доллар шунчалик кучли бўладими?

Давлат қарзининг ҳажми, агар АҚШ ҳукумати уни тўлашда давом эта олса, бу мамлакат иқтисодиётида бирон бир муаммо борлигини англатмайди. Ҳозирча Вашингтон қарзни тўлашда муаммога дуч келмади, шунинг учун ҳам Ғазначилик облигациялари кўплаб мамлакатлар учун пул-кредит сиёсатининг асосий ишончли элементи ҳисобланади.

«Stony Brook University» иқтисод профессори Стефани Келтоннинг фикрича, қарзни юқори фоиз ставкаларида тўлаш иқтисодиётни рағбатлантириши мумкин деб ҳисоблайди. АҚШ давлат облигацияларига эга бўлган жисмоний ва юридик шахслар катта миқдордаги пул маблағларини қарзга беришдан, катта фоизли даромад олишдан манфаатдор.

Бунинг сабаби шундаки, Америка иқтисодиёти - энг кучли ва барқарор бўлиб, яъни дунёдаги энг ишончли ва хавфсиз қимматли қоғозларга сармоя киритишни англатади. Ғазначилик облигациялари долларда сотиб олинади, долларда сотилади ва дивидендлар долларда тўланади. Бу, ўз навбатида, мамлакат миллий валютасини мустаҳкамлайди.

- Бу оддий одамлар учун бош қотирадиган масала эмас. Америка кредитлари энг ишончли активлардан бири ҳисобланади, шунинг учун ҳукумат бу қарзни исталган вақтда тўлиқ тўлашга мажбур бўлиши даргумон, - деди Нобель мукофоти лауреати, Массачусетс технология институти профессори Эстер Дюфло.

АҚШ давлат қарзининг кредиторлари иккига бўлинади: давлат қарзи эгалари ва ички давлат қарзи эгалари.

АҚШ давлат қарзи эгаларида (йирик банклар, суғурта компаниялари, корпорациялар, АҚШ Федерал захира тизими (ФЕД, яъни АҚШ марказий банки), штат ҳукуматлари, жисмоний шахслар- таҳр.) 19,27 триллион доллар (жами қарзнинг 56,3 фоизи) жамланган. Бу рақамга 7,8 триллион доллар (22,8 фоиз) қарзга эга бўлган хорижий давлатлар ҳам киради. Кредиторлар учлигига Япония (1,1 триллион доллар), Хитой (782 миллиард доллар) ва Буюк Британия (716,2 миллиард доллар) киради.

Ички давлат қарздорлари қўлида тахминан 7,12 триллион доллар (20,8%) тўпланган. Айтиш мумкинки, бу мамлакат ҳукуматининг қарзи (АҚШ давлат идоралари: Мудофаа вазирлиги, Почта хизмати, Ижтимоий таъминот, «Social Security» ижтимоий ҳимоя хизмати, Medicare соғлиқни сақлаш ва суғурта дастури, Medicaid – таҳр.).

- Фед фоиз ставкаларини ошириб, облигациялар эгаларига юзлаб миллиард доллар қўшимча даромад олиш имконини беради. Давлат облигациялари эгалари фоиз даромадларидан катта фойда олади, - деди Стоуни-Брук университети иқтисод профессори Стефани Келтон.

Мутахассисларнинг фикрича, шу йўл билан АҚШнинг дефолт (мамлакатнинг қарзини тўлай олмаслиги – таҳр.) хавфи жуда паст.

«Monex USA» савдо директори Хуан Переснинг сўзларига кўра, бозор АҚШнинг дефолт бўлишини кутмайди, чунки бу "дедолларизация"га - глобал барқарорлик ва АҚШ доллари ҳукмрон валюта бўлган жорий молиявий тизимнинг қулашига олиб келади.

доллар
Фото: Pixabay

АҚШ ғазначилик қимматли қоғозларининг рақобатбардошлиги долларга бўлган талабни таъминлайди, унинг нархининг ошишига ва жаҳон захира валютаси мақомини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Дефолт каби ҳар қандай ҳодиса инвесторларни АҚШ ғазналарини сотишга ундайди, бу эса ўз навбатида АҚШ валютасини заифлаштиради.

Американинг барча давлат қарзлари АҚШ томонидан назорат қилинадиган долларларда ифодаланган ва керак бўлганда Фед қарз мажбуриятларини сотиб олиши мумкин.

2022 йил 8 июнь ҳолатига кўра, Фед портфели 8,97 триллион долларга (АҚШ ғазначилиги – таҳр.) баҳоланган, бу 2020 йил 18 мартдаги кўрсаткичдан 4,25 триллион долларга кўпдир (кўплаб корхоналар ёпилган пайтда – таҳр.).

«Pew Research Center» катта таҳлилчиси Дрю ДеСильвернинг сўзларига кўра, Федерал захира тизими - АҚШ давлат қарзининг энг йирик эгаси ҳисобланади.

- Қарз кўп афзалликларга эга. Давлат қарзи ҳар доим фавқулодда вазиятларда ишлатилган. Бугунги кунда одамлар учун солиқларни оширишдан кўра қарз олиш осонроқ, - дейди Санта-Клара Университетининг Ливи бизнес мактабининг иқтисод профессори Крис Митченер.

АҚШ ва жаҳон иқтисодиётига қандай хавф бор?

Бироқ, келгуси ўн йилликларда қарзнинг ўсиш суръати федерал бюджетга босим ўтказа бошлаши мумкин. Ўз қарзи бўйича юқори фоиз ставкаларини тўлашга мажбур бўлган федерал ҳукумат, эҳтимол, бошқа устуворликларни кечиктириши ва фавқулодда вазиятларга ўз вақтида жавоб бериш қобилиятини йўқотиши мумкин. Ҳозирги сиёсатга назар ташлайдиган бўлсак, АҚШдаги вазиятни тўғирлаш учун тахминан 20 йил борлигини айтиш мумкин. Шундан кейин солиқларни ошириш ва харажатларни камайтириш каби чора-тадбирлар ёрдам бермайди - ҳукумат дефолт бўлади. Ушбу ҳалокатли инқироз Қўшма Штатлар ва бутун дунё иқтисодиётига таъсир қилади.

Бу башоратлар Конгрессдаги бўлинишнинг сабабидир. Демократлар ва республикачилар қарзни камайтириш зарурати ҳақида бир фикрда, бироқ бунга қандай эришиш мумкинлиги борасида келиша олмайди.

Жо Байден Маъмурияти бой ва корпорацияларга солиқларни ошириш, бюджет тақчиллигини камайтириш ва ички дастурларни молиялаштиришни кўпайтириш зарурлигини айтади.Байден тўланмаган солиқларни йиғиш учун АҚШ Ички даромад хизмати (IRS) бюджетини оширди ва шу билан қарзни 10 йил ичида юзлаб миллиард долларга қисқартирмоқчи.

Республикачилар партияси мудофаадан ташқари барча давлат дастурларини сезиларли даражада қисқартиришни, солиқ имтиёзларини олиб ташлашни, инфляцияни пасайтириш бўйича қонунчиликда кўрсатилган экологик тоза энергия нархини пасайтиришни таклиф қилмоқда. Республикачилар IRS молиялаштиришни қисқартиришни ва солиқларни камайтиришни талаб қилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, АҚШнинг давлат қарзи муаммо бўлса-да, унинг кўлами ОАВ айтганидек даҳшатли эмаслиги аниқ. АҚШ давлат қарзи ўсишда давом этмоқда, бу бир томондан маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг Америка иқтисодиёти, унинг қимматли қоғозлари ва долларга бўлган ишончини билдиради. Бироқ, америкалик сиёсатчилар, айниқса, президентлик сайловлари чоғида давлат қарзини камайтириш йўлларини таклиф қилиш орқали электорат меҳрини қозонишга уринаётгани аниқ.

 

Муаллиф: Рустем Қожибаев

Сўнгги хабарлар